Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар бир қисмини қоплаб бериш бўйича субсидия Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
Улар қуйидагича миқдорларда бўлади:
- янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳалар техник-иқтисодий асосланишини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар 50 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;
- янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳалар инфратузилмасини яратиш билан боғлиқ харажатлар 50 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;
- озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва чуқур қайта ишлаш соҳасига хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар 50 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 50 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда.
Лойиҳа ташаббускорлари субсидия олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоят ёки Тошкент шаҳар Қишлоқ хўжалиги бошқармаларига аризаларни ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади.














