Мактаб дарсликларининг ижара нархлари билан боғлиқ машмашалар президент қулоғигача етиб борди ва давлат раҳбари топшириғига кўра, энди дарсликлар бўйича харажатлар тўлиқ бюджетга ўтказиладиган бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар чоғида мактаб дарсликларини чоп этиш кимларнингдир измида экани ҳақида ҳам маълумотлар тарқатилди. Бу иддаоларда асос бор-йўқлиги, янгиланаётган дарсликларда қандай ютуқ ва камчиликлар борлигини холисона ўрганишга ҳаракат қилдик. Очиқ маълумотлар асосида дарсликларни яратиш ва чоп этиш қандай йўлга қўйилганини таҳлил қилдик. Материал катта, уни эринмасдан ўқиб чиқиб, хулоса чиқаришни ўзингизга қолдирамиз.

Самарқанддаги биз борган мактабда дарсликларнинг катта қисми ўқиш бошланмай туриб тарқатиб бўлинган эди. (Масалан, таълим рус тилида олиб борилувчи 3 ва 6-синф дарсликлари қолмаган экан). Шу сабаб, қуйидаги рўйхатда айрим дарсликлар йўқлигидан, ҳайрон қолманг. Қолган дарсликларга қараб ҳам умумий манзарани тушуниб олса бўлади.

Фойдаланишдаги энг эски дарсликлар 2017 йилда чоп этилган. 2017 йилда — 6-, 7-ва 10-синфлар; 2018 йилда — 11 синф; 2019 йилда — 8–9-синфлар, 2020 йилда — 4–5-синфлар, 2021 йилда — 1–2-синфлар дарсликлари нашр қилинган. 2022 йилда ҳозирча фақат 3-синф дарсликлари янгилаб берилган.

Дарсликлар ҳажми катталашмоқда

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мактабларида дарсликлар янги форматга ўтказилмоқда. Аввал А5 форматга яқин ўрта форматда бўлган дарсликларнинг шакли катталашиб, А4 форматга яқин йирик форматда чоп этилмоқда. Тўғри, бу давлат ва халқаро стандартларга мос келади.