6 сентябр куни Балморалдаги қироллик қароргоҳида мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлиб ўтди. Собиқ бош вазир Борис Жонсон ва мамлакатнинг янги раҳбари Лиз Трасс қиролича билан учрашиш учун узоқ масофа (750 километрдан ортиқ) босиб Шотландияга келди. Қиролича Елизавета II Жонсоннинг истеъфосини қабул қилди ва янги бош вазирни тайинлади.

Бу Британияда сўнгги олти йилликдаги учинчи бош вазир: Дэвид Кэмерон Brexit бўйича референдумдан кейин истеъфо берганди, Тереза Мэй ва Борис Жонсон эса партия ишончини оқламаган. Трасс камида 2024 йил охирида ўтказиладиган кейинги парламент сайловларига қадар ҳукумат тепасида қолади.
«Медуза» Белфастдаги Квинс университетида Европанинг энг янги тарихи бўйича дарс берувчи Александр Титов билан янги бош вазирни қандай чақириқлар кутаётгани тўғрисида суҳбатлашди.
— Нега Консерватив партия аъзолари Риши Сунакни эмас, Лиз Трассни афзал кўришди?
— Торилар партияси аъзоларининг дастурига, менталитетига Сунакдан кўра Трасс кўпроқ мос келади. Сунак — 2010-2015 йилларда бош вазир бўлган ва Консерватив партияни модернизация қилишга, уни либерал ғояларга мослаштиришга уринган Дэвид Кэмеронга ўхшайди.
Трасс эса — Борис Жонсон, Маргарет Тэтчер билан боғланади. Бу шундай анъанавий консерватизм. Шу туфайли Сунакда умуммиллий сайловларда ғолиб чиқиш имконияти кўпроқ, Трассда эса тор доирадаги одамлар танловида ғалаба қозониш имкониятига эга эди.
— Бундан келиб чиқадики, янги бош вазирни сайловчилар эмас, ҳатто бутун Консерватив партия эмас, балки фақат унинг нисбатан консерватив бўлган қаноти танладими?
— Ҳамма танлайди, аммо [партия сайловчиларининг фаол ядроси] — бу 100 минг атрофидаги киши, улар асосан 50 ёшдан ошган, Англия жанубида яшовчи оқ танли эркаклар. Бу жуда тор доирадаги демографик қирқим, улар ўртача сайловчига қараганда радикал қарашларга содиқ. Чунки уларга Трасс айтаётган гаплар жуда маъқул келади: келинг шунчаки солиқларни қисқартирамиз ва Шимолий Ирландия туфайли Евроиттифоққа иқтисодий уруш очамиз.
Кенг омма учун бу ёки умуман аҳамиятсиз ёки ҳатто ёмон, аммо Британия консерваторларининг бундай алоҳида гуруҳи учун эса — бу стандарт британча мантиқий фикрлашдир. Аммо Трасс кейинги сайловларга қадар жойида қолиши номаълум. Чунки унинг кўрсаткичлари жуда ёмон бўлса, ундан худди Жонсондан воз кечгандек қутулишлари мумкин.















