Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этди. «Қиролича бугун кундузи Балморалда оламдан ўтди», — дейилади Букинҳем саройи баёнотида. 8 сентябр куни аввалида Букингҳэм саройи шифокорлар қироличанинг ҳолатидан «ташвишда» экани ҳақида хабар тарқатганди. Шундан сўнг қироллик хонадони аъзолари Шотландиядаги Балморал қасрига йўл олди, Букинҳем саройи атрофида эса фуқаролар тўплана бошлади. Виндзор қалъасида қироличанинг ўлимидан сўнг байроқни туширишди. АҚШ, Германия, Украинадан қироличанинг вафоти муносабати билан таъзияномалар келган.

Сўнгги ойларда Елизавета II соғлиги туфайли кўплаб тадбирларда иштирок эта олмади. 2022 йил февралида у ковидга чалинганди; баҳорда қиролича «ҳаракатланишдаги эпизодик муаммолар» туфайли қатор оммавий тадбирларни ўтказиб юборди, июн ойи бошида эса у ўзининг тахтга чиқишининг 70 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган тантаналарда деярли қатнашмади. Расмий қабуллар валиаҳд шаҳзода Чарльз томонидан ўтказилди.

Буюк Британияда миллий мотам даври бошланди, Sky News хабарига кўра бу дафн маросимига қадар давом этади. Елизавета Иккинчининг жасади Букинҳем саройига олиб келинади ва бу ерда беш кун қолади. Ўлимидан беш кун ўтиб унинг тобути Вестминстер саройига келтирилади, бу ерда уч кун мобайнида 23 соат уни зиёрат қилишлари мумкин. Дафн маросими қироличанинг ўлимидан 10 кун ўтиб бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Елизавета Иккинчининг ўлимидан кейин унинг катта ўғли Чарлз мамлакатнинг янги қиролига айланади — у Буюк Британия тарихида Уэльс шаҳзодаси ва тахт вориси мақомида энг узоқ вақт қолган шаҳзода бўлди. Букингҳэм саройи уни аллақачон қирол Чарлз III (Карл III) деб атади. 

Қирол онасининг ўлимидан кейин илк баёнотини берди:

Менинг севимли онам, қиролича Ҳазрати олияларининг вафоти — мен ва бутун оиламиз аъзолари учун қайғули лаҳзалар. Қадрли ҳукмдоримиз ва суюкли онамизнинг вафотидан дилимиз вайрон бўлди. Биламанки, унинг кетиши Ҳамдўстликнинг барча мамлакатлари ва қиролликларида, шунингдек бутун дунёдаги кўп сонли одамлар томонидан чуқур ҳис қилинади. Мотам ва ўзгаришлар даврида қироличага чуқур ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишларини билиш мен ва оилам учун тасалли беради.