18:19 / 10.09.2022
14766

11 йил олдин Швеция тўртинчи лигасида, бугун «Челси»да. Поттернинг мураббийлик йўли

«Челси» бир кечада Томас Тухелга ўринбосар топди. «Брайтон»да ишлаган Грэм Поттер янги бош мураббий бўлди.

Фото: Getty Images

«Челси» Поттер учун 21 миллион фунт товон пули тўлайди, унинг штаби ҳам Лондонга кўчиб ўтади. 47 ёшли мураббий билан 5 йиллик шартнома имзоланган. Грэм бўш ўрин учун асосий номзод эди, гарчи «Челси» Почеттинога ҳам кўз тикаётган бўлса-да.

«Челси» бош мураббийи бўлганимдан фахрланаман ва жуда хурсандман. Янги хўжайинлар билан ишлаш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Жамоанинг ажойиб футболчилари билан учрашишни интиқлик билан кутаман. «Челси»да мухлислар фахрланадиган жамоа ва маданиятни ривожлантирмоқчиман», - деди Поттер бош мураббий қилиб тайинлангач.

Поттер 11 йил ичида Швециянинг тўртинчи лигасидан «Челси»гача кўтарилди. Мўъжиза эмасми?

«Челси»нинг янги бош мураббийи ҳатто инглиз стандартлари бўйича ҳам ўртамиёна футболчи бўлган. Поттер ҳимоячи сифатида «Саутҳемптон» таркибида АПЛда атиги 8 та ўйин ўтказган. Фаолиятининг асосий қисмида қуйи дивизионларда тўп сурган.

«Шубҳасиз, ҳеч қачон энг юқори савияда ёки ҳатто унга яқин даражада ўйнамаганман. Мен бунчалик яхши футболчи бўлмаганман, бу ҳақиқат», - деб тан олади Грэм. - 13 йил давомида профессионал тарзда футбол ўйнаш имконияти бўлганининг ўзи омад. Аммо, бутун мамлакат бўйлаб, юмшоқ қилиб айтганда, яхши футболчи бўлмаганимни айтадиган мухлислар кўп. Бу аниқ».

Футболчилик фаолиятини якунлагач, Поттер таълим олишни хоҳлади. Олдин The Open университетида социология бўйича бакалавр дипломини, сўнгра Лидс университетида етакчилик ва эмоционал интеллект бўйича магистр даражасини олди. Бунга параллел равишда Грэм 2007 йилги Жаҳон чемпионатида Гана аёллар миллий жамоасининг техник директори сифатида ишлади, кейинроқ Британиянинг турли университетларида мураббийлик қилди.

2011 йилда Поттер Швеция тўртинчи дивизионида иштирок этувчи «Эстерсунд» клубида профессионал мураббийлик фаолиятини бошлади. Бунинг учун Грэм яқинда фарзандли бўлганига қарамай Англияни тарк этди.

«Инсон, профессионал ва оилавий миқёсда бу осон бўлмади. Номаълум жойга, эндигина тўртинчи лигага тушиб кетган ва олдинги йилларда мураббийларни тез-тез алмаштириб турган футбол клубига йўл олдик», дейди у.

Поттер бошчилигида «Эстерсунд» 7 йил ичида тўртинчи дивизиондан энг юқори дивизионга кўтарилди, Европа Лигаси плей-офф босқичига чиқди. 2017/18 йиллар мавсумида Грэм жамоаси Швеция Кубоги ғолиби сифатида еврокубок йўлланмасини қўлга киритди, «Галатасарой», ПАОК ва «Фола»ни мағлуб этиб, саралашнинг уч босқичидан ўтди.

Фото: Getty Images

Бу сенсация эди, аммо «Эстерсунд» гуруҳ босқичида ҳам зўр ўйнади. «Атлетик Билбао», «Ҳерта» ва «Зоря» иштирок этган гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Қолаверса, шведлар Испания клуби билан бир хил – 11 очко жамғаришди.

Плей-оффда уларга «Арсенал» дуч келди. Поттер шогирдлари «Эмирейтс»да Арсен Венгер жамоасини 2:1 ҳисобида доғда қолдиришди. Аммо дастлабки ўйиндаги 0:3 ҳисобидаги мағлубият қарама-қаршилик тақдирини ҳал этди.

Фото: Getty Images

Бу муваффақиятлар Поттернинг Чемпионшипдаги «Суонси» билан шартнома имзолашига олиб келди. «Эстерсунд»нинг 2 футболчиси эса АПЛ клубларига ўтди: Карл Сема «Уотфорд»га, Саман Қуддус «Брентфорд»га.

Поттер «Суонси»да бир мавсум ишлаб, 10-ўринни эгаллади, Дэниел Жеймс учун Премьер-Лига эшикларини очди. «Манчестер Сити»ни Англия Кубогидан тушириб юборишига сал қолди. «Суонси» 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо Агуэро яққол офсайддан гол урди. Якунда «Суонси» пенальтилар сериясида ютқазди.

Шундан сўнг, «Брайтон» Грэмни чорлади ва мураббий ўзини Премьер-Лигада синаб кўриш имкониятини қўлдан бой бермади. У ерда ҳамма нарсани эплади.

Гвардиола Поттерни энг яхши инглиз мураббийи деб атади. Грэм «Челси»нинг янги хўжайини билан учрашганида мафтун қилди

Поттернинг «Брайтон»и аста-секин юқорига қараб кўтарилди. Биринчи мавсумида Грэм жамоаси 39 та гол уриб, 41 очко тўплаган ҳолда ўз рекордини янгилади. Бу 15-ўринга олиб келди. Поттер «Арсенал»ни яна 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Кейинги йили натижа деярли бир хил бўлди — 41 очко, 40 гол ва 16-ўрин. Аммо Поттер жамоасини лиганинг энг омадсизи деб аташди. Улар ёрқин ўйин кўрсатишди, кўплаб вазиятларни голга айлантира олишмади, дарвоза устунлари ва тўсинлари «нишонга олинди».

Фото: Getty Images

«Брайтон» ўтган мавсумни 9-ўринда якунлади, бу янги рекорд. Тарихдаги энг яхши натижани кучли старт (дастлабки бешта турда 4 та ғалаба) ва қувноқ финиш таъминлади – апрел бошидан улар 9 та ўйинда 5 марта ғалаба қозонишди ва фақат «Манчестер Сити»га ютқазишди.

«Брайтон» жорий мавсумда «Челси» ва «Ливерпул»дан юқорида, 4-ўринда бормоқда. Биринчи турда эса «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этган.

Поттер мунтазам равишда ҳамкасблари томонидан ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлмоқда

«Брайтон» – тўп билан ва тўпсиз ўйинларни ташкил қилиш техникасини танлашда ажойиб вариантларга эга кўпқиррали жамоа. Улар ҳар доим тўпни яхши назорат қилишади ва уни тезда қайтариб олишади», дейди Марсело Биелса.

Фото: Getty Images

«Грэм Поттер ишини жуда ҳурмат қиламан. У ҳақиқатан ҳам кучли футбол ўйнайдиган жамоа тузди. Улар дадил ўйнамоқда. Поттер мураббий сифатида жуда яхши ишлади» – Юрген Клопп мақтови.

«Менга бу жамоа жуда ёқади. Уларда ажойиб мураббий, ажойиб футболчилар ва ўйинга ажойиб ёндашув бор. Телевизорни ёқсангиз, «Брайтон» томошабоп ўйнаётганини кўрасиз. Уларга қарши курашиш ҳар доим қийин. Уларда яхши ўйинчилар етарли. Грэм Поттер – ажойиб мураббий ва уларни мағлуб этиш жуда қийин», деган эди Тухел 2021 йил декабрида.

«Ўйиндан олдин футболчиларимга энг яхши инглиз мураббийи жамоаси олдида турганимизни айтдим. Мен уларнинг барча ўйинларини кўрдим ва рақибга нисбатан яхшироқ ҳаракат қилишини, статистикаси яхшироқ эканини билдим», деган эди Гвардиола «Брайтон»га қарши ўйинлардан бирида.

Пеп умуман олганда Поттернинг энг катта мухлисларидан бири. У Грэмни тез-тез энг яхши инглиз мураббийи деб атайди. «Брайтон»даги биринчи мавсумида ҳам мақтовларни ёғдирган:

«Томошабин сифатида мен бундай жамоаларни яхши кўраман. «Брайтон»нинг ўйини менга ёқади. Собиқ футболчи сифатида шундай жамоада ўйнашни истардим. Грэм Поттер яхши футбол ўйнаш учун фаворит бўлиш шарт эмаслигини барча мураббийларга кўрсатди. Уни жуда ҳурмат қиламан. Умид қиламанки, у Премьер-Лигада қолишга ёрдам берадиган натижаларни кўрсата олади. Чунки унинг ўйин услуби жаҳон футболига катта ёрдам беради».

Боэли Поттерни қандай топди?

Ёзда «Челси» хўжайини Тодд Боэли «Брайтон» билан Марк Кукурелья трансфери бўйича шахсан музокара олиб борди. Америкалик бизнесмен Грэм Поттер билан боғланиб, футболчининг шахсий фазилатлари ва жамоага қанчалик мос келиши ҳақида суҳбатлашган.

Боэли Поттердан футболчилар билан қандай ишлаш, жамоани қандай бошқариш ҳақида маълумот олган. Шунингдек, унинг топ-клубларни бошқариш истаги борлигини билган.

The Athletic хабарига кўра, бир йил аввал Поттерни «Тоттенҳэм» чорлаган эди. Бироқ, Грэм оилавий сабабларга кўра Брайтондан кетишга журъат қилмаган – унинг рафиқаси ва болалари эндигина шаҳарга кўникиб олишган эди. «Челси» ҳам Лондондан, аммо «кўклар» қароргоҳи жанубда, Брайтондан атиги бир ярим соатлик йўлда жойлашган. Бундан ташқари, Поттер «Тоттенҳэм» хўжайини Леви янги жамоа шакллантириш учун унга вақт беришидан шубҳа қилган. Боэли билан эса тил топишган кўринади.

Поттер «Челси»даги вазифани эплайдими?

Ҳаммаси унинг олдига қандай вазифа қўйилганига боғлиқ. Агар натижалари пасайиб кетган топ-клубни зудлик билан ғалабали йўлга қайтариш керак бўлса – бундай вазифа топ-мураббийлар учун ҳам осон эмас. Поттер олдин катта клублар ва топ-футболчилар билан ишламаган. Кўплаб мақтовларга қарамай, «Эстерсунд», «Суонси» ва «Брайтон» бошқа даражадаги, «Челси» эса умуман бошқа даражадаги клуб. Ўртамиёна клубларда қаторасига 5-6 та муваффақиятсиз ўйин сезилмайди, аммо бундай ҳолат «Челси»да юз берса, истеъфо масаласи дарҳол кун тартибига қўйилади.

Агар натижалардан қатъи назар, янги, рақобатбардош жамоани шакллантириш керак бўлса – Поттер буни эплаши мумкин. Бунинг учун вақт керак, шунингдек, балки натижаларни ҳам бой беришга тўғри келиши мумкин. Боэли бундай ҳолатда юзага келадиган ҳомийлар ва мухлислар босимини кўтара оладими?

Шубҳасиз, ҳар қандай вариантда Поттер ишини кузатиш қизиқарли бўлади.

Top