Украинанинг қарши ҳужуми давомида Харкив йўналишида чекинаётган Россия армияси аскарлари асир тушмоқда. Асирларнинг бир қисми - яқинда муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар. BBC улардан бирининг қариндошлари билан боғланди.

«Сиз қайси мамлакат фуқароларисиз? Россияликларми? Ота-онангиз борми? Ёшингиз нечада? Урушга кетаётганингизни билганмидингиз?» - дея савол беради украиналик ҳарбий хизматчи асир тушган россиялик ёш аскарларга.

Улар Калининград областидан келишгани, барчасининг ёши йигирма атрофидалиги, уйда уларни ота-оналари кутаётгани, урушга кетаётганидан эса бехабар бўлишганини айтишади.

«Сизга бу уруш керакми? 10-15 йил олдин Россияда кўплаб дўстларим бор эди. Сизни алмаштиришади ва сиз мамлакатингиздагиларга бизга бу уруш керак эмас деб айтасиз. Биз бу ерда дўстларимиз, яқинларимизни йўқотяпмиз. Уруш туфайли бир ой олдин отам вафот этди. Мен тинч ҳаётда яшашни истайман. Мактабда ишлашда давом этишни, болаларни тарбиялашни хоҳлайман. Мен хотиним билан яшашни истайман. [Нега] бу ерга келдингиз? Биз тинч яшаётгандик, бу ерда барча ҳаётдан хурсанд эди. Бу ерда сизнинг нима керагингиз бор? Уларни тўпланг. Сиз Северодонецкни биласизми? Биз ўша ерданмиз. Нега сиз у ерни вайрон қилдингиз?» - дея монолог ўқиган Украина қуролли кучлари жангчиларидан бири асирлар олдида.

7 сентябр куни украиналик ҳарбийлар россиялик ҳарбий асирларни сўроқ қилиш жараёни акс этган видеоёзув Харкив областидаги Балаклия шаҳридаги вазиятни ёритаётган телеграм-каналларда тарқалди. Унда «ДХР» ёки «ЛХР»да сафарбар қилинган аҳоли вакиллари ёки Росгвардия жангчилари эмас (россияпараст манбалар Харкив областидаги фронт чизиғида шундай бўлинмалар мудофааланаётгани ҳақида айтганди), балки калининградлик мотоўқчилар акс этган.

Россия армияси фронтнинг турли участкаларида қандай қисмлар жанг қилаётгани ҳақида маълумотларни очиқламайди, аммо фронтда бу каби кескин ўзгаришлар рўй берган маҳалда очиқ манбалар асосида айрим тафсилотларни олиш мумкин.

Украин каналлари янги асирлар ҳақидаги хабарларида, ҳазил ўлароқ Россия томони фронтга «10 Б синф ўқувчилари»ни юборганини ёзади, чунки кўплаб ҳарбийлар жуда ёш: 2000-2002 йилларда туғилган. Айримлари бир неча ойлик муддатли ҳарбий хизматдан кейин яқинда шартнома имзолаган. Бу Россиянинг Харкив йўналишидаги ресурслари тугаёзганидан дарак бериши мумкин, аввалроқ Украина қуролли кучлари жанубда манёврлар амалга ошириб, Россия армиясини Херсон мудофааси учун йўналтирганди.