“Фарғона ИЭМ” АЖда электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни ишга тушириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ишлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Айни кунларда марказда қуввати 1800–2000 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини бунёд этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қуёш панеллари “On-Grid” режимида ишлашини ҳисобга олганда йилига 7-8 млн кВт қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ва ёқилғи ресурсларини тежаш, атмосферага зарарли газларнинг чиқишини камайтириш имконини беради. Журналистлар қурилиш майдонида бўлиб, жараёнларни бевосита кузатишди.


Пресс-турда маълум қилинишича, “Фарғона ИЭМ” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 22 августидаги ПҚ- 4422-сонли “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини бажариш юзасидан 2020–2022 йилларга ривожланиш дастури ишлаб чиқилган.

Шунга асосан, ўтган давр давомида автотураргоҳ, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати биноси, ишлаб чиқариш цехлари, маъмурият биноси каби қатор иншоотларга қуёш панеллари асосида ишловчи ускуналар ўрнатилди. Бунинг эвазига жорий йилнинг ўтган даврида 200,2 минг кВт соат электр энергияси иқтисод қилинди.

– Шу йилнинг 10 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди, биз ҳам ушбу йўналишдаги ишларимизни такомиллаштириб, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни, яъни ўз эҳтиёжларимиз учун зарур бўлган электр энергиясини муқобил манбалар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдамиз, – дейди “Фарғона ИЭМ” АЖ бош директори Эркинжон Ҳамидов.















