12 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд саммитига бағишланган мақоласи эълон қилинди. Мақолада Самарқанд саммитининг аҳамияти ва ШҲТнинг асосий принципларига тўхталган. Kun.uz мухбири мазкур мақола ва ШҲТнинг Самарқанд саммити борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, сиёсий фанлар номзоди Элдор Арипов билан суҳбатлашди.

Президент Ш.Мирзиёев мақоласида замонавий глобал жараёнларни баҳолашга катта эътибор қаратилган. Бу нима учун муҳим ва Президент уларнинг оқибатларига қандай муносабатда бўлишни таклиф қилмоқда?

Тўғри айтдингиз, Ўзбекистон Президентининг мақоласи бугунги кундаги жаҳон тенденциялари чуқур таҳлил қилингани ва жуда тўғри баҳолангани билан қизиқ.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги катта ўзгаришлар даврига тўғри келди. Aфсуски, халқаро муносабатлар тизимида ва жаҳон иқтисодиётида инқироз нафақат сақланиб қолмоқда, балки тобора кучайиб бормоқда.

Президент таъкидлаганидек, давлатлар ўртасидаги муносабатларда ишонч инқирози ва ўзаро бегоналашув кучайиб бормоқда, бу эса можароларни келтириб чиқармоқда ва пандемиядан кейин катта зарар кўрган жаҳон иқтисодиётини тиклашни қийинлаштирмоқда.

Бундан ташқари, вазият глобал иқлим таҳдидлари, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги муаммоларининг кучайиши билан мураккаблашмоқда.

Бу хатарларнинг барчаси давлатлар ҳамда инсонлар ҳаётининг асосларига таҳдид солади.

Шу билан бирга, Президент нафақат муаммоларни санаб ўтмоқда, балки уларни бартараф этишнинг энг реал ва мумкин бўлган йўлларини ҳам кўрсатмоқда.

Бу йўлнинг мазмун-моҳияти оддий – ҳеч бир давлат бу қийинчиликларни бир ўзи енгиб ўта олмайди. Бунинг ягона йўли бор – конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик.

Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатлар, айтайлик, қандай “калибрли” бўлишидан қатъи назар, “фақат ўзини ўйлаш” одатини бартараф этиб, ўзаро манфаат ва ҳурматни ҳисобга олган ҳолда охир-оқибат ҳар биримизга таъсир қиладиган муаммоларни биргаликда ҳал этиши муҳим.

Бу шунчаки декларация эмас, Президент сўзлари ортида конструктив мулоқотга чақирувни амалга ошириш, умумий муаммолар ечимини биргаликда излаш бўйича Ўзбекистоннинг муваффақиятли тажрибаси мужассам.

Ўтган беш-олти йил ичида Марказий Осиё қандай ўзгарганига бир назар ташланг. Минтақадаги муносабатлар даражасини эсланг - деярли бутунлай "музлатилган" савдо, ёпиқ чегара ўтиш жойлари, ўзаро айбловлар ва бошқалар.