ШҲТ саммити: Юзма-юз учрашувлар, блокдан холи мақом ва транспорт йўлаклари

Пайшанба-жума кунлари Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг узоқ ва катта тайёргарлик кўрилган Самарқанд саммити бўлиб ўтди. Саммитда Марказий Осиёнинг бешта мамлакатидан ташқари, Мўғулистон, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Озарбойжон, Россия ва Беларус раҳбарлари иштирок этди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон билан қуролли низо сабабли бир кун қолганда Самарқандга ташрифини бекор қилди.

Саммит доирасида 44 та ҳужжат имзоланди. Улар орасидан амалий аҳамиятга эга энг муҳимларидан бири – Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилишини бошлаш ҳақида имзоланган уч томонлама битим. Бу лойиҳа салкам 20 йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган эди.

Келишувга кўра, темирйўлнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтган қисми Тўруғарт – Арпа – Мақмал – Жалолобод йўналишида бўлади ва поездлар Жалолободдан Андижонга кириб келади. Учта давлат лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини 2023 йил 1 июлигача ишлаб чиқишга келишиб олди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашувда Трансафғон темирйўли қурилишини тезлаштириш кераклигини ҳам таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бу маршрутнинг биринчи қисми – Термиздан Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳригача бўлган қисмига темирйўл ётқизиш ишларини 2010 йилдаёқ якунлаб бўлган. Энди Мозори-Шарифдан Кобулга, Кобулдан эса Покистоннинг Пешовар шаҳригача темирйўл қурилиши керак. Бир неча ой олдин Ўзбекистон томони қурилишни 2027 йилгача якунлаш режасини тақдим этганди.

Саммит кунлари Ўзбекистон расмийлари Хитой, Россия ва Эрон билан алоҳида учрашувлар ўтказиб, ўнлаб ҳужжатларни имзолади. Хитой раиси Си Жинпингнинг сафари давлат ташрифи мақомида бўлди ва икки давлат ўртасида 15 млрд долларлик келишувларга эришилди. Шавкат Мирзиёев Си Жинпингни “Олий даражадаги дўстлик” ордени билан мукофотлади. Россия делегацияси билан имзоланган битимлар қиймати эса 4,6 млрд долларга тенг бўлди. Владимир Путин Шавкат Мирзиёевга Александр Невский орденини топширди. Эрон президентининг Ўзбекистонга 20 йил ичидаги илк ташрифида эса Тошкент ва Теҳрон ўртасида 18 та ҳужжатга имзо чекилди, улар орасида туристлар ва бизнес вакиллари учун виза талабларини соддалаштириш, Ҳинд океанидаги Чобаҳор портидан Ўзбекистонга юк ташишга оид келишувлар алоҳида аҳамиятли.

Тожик-қирғиз чегараси: Саммит пайтидаги шубҳали ҳарбий фаоллашув