Зоҳидон қишлоғида яшовчи Рашид Мамаюсуповнинг таъкидлашича, колодецга урилиши оқибатида автомобилининг икки баллони ёрилиб кетган.

“Қишлоғимиздан канализация қувури олиб ўтишди. Ишлар бажарилмасидан аввал йўлимиз равон, асфальт ҳам сифатли эди. Энг ачинарлиси, қувур тортиш ишларидан кейин колодецлар асфальтдан анча кўтарилиб қолди. Бугунги кунда кўпчиликда техника бор.

Бошқалар қатори мен ҳам бу ҳолатдан жабр кўрдим. Донаси 600 минг сўм турадиган икки баллоним бетон қиррасига тегиб ёрилиб кетди. Қарама-қарши томондан машина келиб қолганида беихтиёр колодец устига машина ҳайдашга мажбур бўляпмиз. 5-6 нафар ҳайдовчи мендек ҳолатдан жабр кўришди,” – дейди у.

“Канализация ўтганига бир йил бўлди. Колодецни икки ташкилот қўйиб ўрнатиб кетди. Колодецлар асфальтдан бир қарич баландда жойлашган. Ҳолатдан айниқса ҳайдовчилар азият чекишяпти. Йўл-транспорт ҳодисалари жуда кўп бўляпти. Ишлар қўл учида қилинган. Амалга оширган ишлари талабга жавоб бермайди. Айрим жойларда йўллар ярим метргача чўкиб ётибди. Қаерга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдик”, – дейди Нурафшон кўчасида яшовчи Абдусалом Йўлдошев.

Музаффар Тожихолов ҳайдовчиларни қийнаётган мавжуд муаммо қатори ичимлик суви қувури ёрилиб кетгани, мутасаддилар эса масалага панжа ортидан қараётганини таъкидлади.
“Колодецнинг аҳволини кўриб турибсиз. Йўлдан анча баландда. Йўлнинг иккинчи томонидан эса ичимлик суви қувури олиб ўтилган. Сув қувури ёрилиб кетганига яқинда бир ой бўлади. Аҳоли пул йиғиб эҳтиёт қисмини олиб бердик. Сув таъминотдан келиб улаб кетишди. Орадан 3-4 кун ўтиб яна қувур ёрилди. Сув учун аҳоли тўловларни амалга оширган. Ҳеч бир ташкилот мавжуд муаммони гарданига олгиси келмаяпти. Аҳоли ичимлик сувисиз яшамоқда”, – дейди у.




















