Ўзбекистон | 07:17 / 20.09.2022
9788
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўп қаватли уйлар томига қўшимча қават қурилаётгани аниқланди

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар том қисмига қўшимча қават қурилаётгани айтилган ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Уй-жой фонди инспекцияси

Ушбу кўп квартирали турар жой биноси «Баурум Group» МЧЖ томонидан 2017 йил қурилган ва фойдаланишга топширилган бўлиб, 2017 йил 6 июнда «Қорасарой элите коммунал» УЖМШ билан тузилган шартномага кўра, уйлар том ва ертўла қисмлари умумий мулк сифатида топширилмаган.

Қайта режалаштириш ишлари Олмазор тумани Қурилиш бўлимининг «Якка тартибдаги уй-жой лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилгани ҳақида» 2021 йил 24 июндаги 25137-сон хулосасига асосан амалга оширилмоқда. Бу эса Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари 1.04.05-06 талаблари бузилганини кўрсатади.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан хулоса берувчи ташкилот ўрганиш ишларини амалга ошириши мақсадга мувофиқ.

Уй-жой кодекси 124-моддасига кўра, кўп квартирали уйдаги турар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларига шу уй умумий жойларини, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмаларни ўз ичига олган умумий мол-мулк улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Мавзуга оид