Ўзбекистон | 07:13 / 21.09.2022
9384
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Сума Чакрабарти Ўзбекистонда ислоҳотлар дастури бўлажак кун тартибини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда мамлакатдаги иқтисодиёт ва бошқарувни ислоҳ қилиш доирасида эришилган натижалар ва бу борадаги келгуси режалар кўриб чиқилди.

Маслаҳатчи Чакрабарти Ўзбекистон етакчисини Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаб, президент томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини юксак баҳолади.

Давлат раҳбари устувор йўналишлардаги янгиланишларни биргаликда пухта тайёрлаш ва кейинчалик амалга ошириш жараёнини давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Иқтисодиёт муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқарувини трансформация қилиш ва самарадорлигини кучайтириш, жамият ҳаёти барча жабҳаларини рақамлаштириш, қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, янги кадрларни тайёрлаш шулар жумласидан.

Сума Чакрабарти ушбу масалаларда Ўзбекистон ҳукуматига бундан буён ҳам фаол кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Сума Чакрабарти Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси этиб тайинланишидан аввал саккиз йил давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти лавозимида фаолият юритган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид