«Uzbekistan Airports» ОАЖ бош директори Самарқанд аэропортида жорий этилаётган бешинчи эркинлик режими, маҳаллий авиақатновларни ривожлантириш масаласи, шунингдек Фарғона водийсида қурилиши кўзда тутилаётган янги халқаро аэропорт масаласида сўзлаб берди.
— Яқинда бўлиб ўтган йиғилишда президент Ш.Мирзиёев транспорт вазирлигига барча давлатларнинг авиацияга масъул идораларига Самарқанд аэропортида хорижий авиакомпаниялар рейслари ва йўналишларига бўлган барча чекловлар олиб ташланганини етказиш вазифасини топширди. Бу Самарқанд аэропортига алоҳида бир статус берилганини англатадими?
— Самарқанд аэропорти энг замонавий ва янги аэропорт бўлиб, Ўзбекистон марказидаги, туристларни жалб қилувчи қадимий ва дурдона шаҳарда жойлашган. Бу ерда бешинчи эркинлик режими жорий этилмоқда. Бу туризмни ривожлантириш учун жуда муҳим режим ҳисобланади. У бизга нималар беради? Бу режим асосида турли авиакомпаниялар турли давлатлардан туристларни келтиришлари мумкин. Бунақа режимлар туризм қайнаган марказлар — Истанбул, Дубай каби йирик туристик шаҳарларда жорий қилинган. Унга кўра бир мамлакатнинг авиакомпанияси бир мамлакатдан туристларни олиб, иккинчи мамлакатга учиб келиши, бу ердан учинчи мамлакатга учиб кетиши мумкин.
Масалан, боя савол беришди, самарқандлик туристлар Самарқанд шаҳридан FlyDubai авиакомпанияси самолётларида Саудия Арабистонига учиб боришлари мумкинми, деган мазмунда. Бу авиакомпания 70 дан зиёд шаҳарларга парвоз қилади, Самарқанддан бу шаҳарларнинг исталганига учиб бориш имконияти пайдо бўлмоқда. Шунингдек, ўша шаҳарлардаги туристларни ҳам Самарқандга келтириш мумкин.
Шунинг учун Самарқанд аэропортига берилаётган алоҳида статус Самарқанднинг энг аввало ўзининг машҳурлиги ва жозибадор шаҳар эканлиги, кўп сонли туристларни қабул қилишга тайёр эканлиги билан изоҳланади. Биз бутун инфратузилмани имкониятларни оширишга, авиакомпаниялар бу шаҳарга парвоз қилишига, кўпроқ турист олиб келишига тайёрлаганмиз.
— Президент йиғилишда маҳаллий йўналишда ҳам авиақатновларни кўпайтириш масаласини қўйди. Маҳаллий йўналишда қатновчи кам сиғимли самолётларни харид қилиш масаласи бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
— Мен илгари ОАВ орқали бир неча бор чиқиш қилиб, Uzbekistan Airports ОАЖ шуъба корхонаси бўлган, айнан маҳаллий йўналишларга ихтисослашган, маҳаллий аэропортларни боғловчи Silk Avia авиакомпанияси очилаётганини хабар берган эдим. Компания тузиб бўлинди. Ҳозир дастлабки учта самолётни келтиришга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Биз аллақачон 12 нафар экипаж аъзоларини ўқитиб, тайёрладик. Дастлабки қатновлар яқин орада бошланади.










