Жаҳон | 15:44 / 24.09.2022
10847
2 дақиқада ўқилади

Петербургда фаоллар ва журналистларда тинтувлар ўтказилмоқда

Sota журналисти Виктория Арефьева «Санкт-Петербург шаҳар судига мина қўйилгани ҳақидаги ёлғон» иши бўйича 48 соатга ушланди.

Фото: Ермохин Сергей

Санкт-Петербургда фаоллар, шунингдек, Sota журналисти Виктория Арефьеванинг уйида тинтувлар ўтказилди. Хавфсизлик кучлари Арефьеванинг квартираси эшигини бузиб, журналист ва унинг синглисининг техникаларини олиб қўйди ҳамда уни Санкт-Петербург шаҳар суди миналаб қўйилгани ҳақидаги ёлғон хабарда гумон қилиб, 48 соатга қўлга олди, деб ёзади 24 сентябр, шанба куни Sota. 

Бундан ташқари, «Весна» демократик ҳаракати иши бўйича айбланувчилар Евгений Затеев ва Валентин Хорошениннинг уйларида тинтув ўтказилди, уларга нисбатан «айрим ҳаракатларни тақиқлаш» жорий этилди. Хавфсизлик кучлари фаол Паллада Башурованинг ҳам уйига келди, унга нисбатан «телефон терроризми» бўйича икки иш қўзғатилган, деб хабар беради «ОВД-Инфо». Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Евгения Литвинова ҳам «телефон терроризми» иши бўйича қўлга олинган. 

Sota маълумотларига кўра, тинтувлар 24 сентябрга белгиланган «қисман сафарбарликка» қарши норозилик намойишлари билан боғлиқ, шу тариқа ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг ёритилишига тўсқинлик қилмоқчи. «Весна» ёшлар демократик ҳаракати Россия президенти Владимир Путин баёнот берган кунги биринчи тўлқиндан кейин россияликларни янги норозилик намойишларига чақирди. «Мамлакат бўйлаб қабрлаштириш фаол давом этмоқда. Тез орада минглаб йигитларимиз фронтга кетиши мумкин. Биз қаршилик кўрсатишимиз мумкин ва керак», дейилади 22 сентябр куни эълон қилинган баёнотда.

«ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари порталига кўра, 21 сентябр куни полиция Россиянинг 39 шаҳрида 1300 дан ортиқ одамни қўлга олган. Қўлга олишларнинг аксарияти Москва ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтган, баъзи полиция бўлимларида ушланганларга ўша ернинг ўзидаёқ ҳарбий комиссарликка чақирув қоғози топширилган. 

Мавзуга оид