Россия армиясининг Харкив областидаги йирик мағлубияти Кремль стратегиясида туб ўзгаришларга олиб келди. РФ қуролли кучларининг Украинадаги гуруҳларига мингдан ортиқ километрга чўзилган фронт чизиғи бўйлаб фаол ҳаракатланиш учун анчадан буён ресурслар етишмовчилиги кузатилаётганди, аммо Москва муаммони энг аниқ йўл — сафарбарлик билан ҳал этишдан бош тортиб келаётганди. Украинларнинг муваффақиятли қарши ҳужумидан кейин РФ қуролли кучлари энди ҳатто пассив ҳимояланишга ҳам қодир эмаслиги кўриниб қолди. 21 сентябр куни, ярим йилга кечиккан ҳолда, Кремль «қисман сафарбарлик» эълон қилди. Путиннинг фармони матнида ноаниқликлар кўп, унинг бандларидан бири очиқланмаган (катта эҳтимол билан унда сафарбар қилинувчилар сони қайд этилган). Бу эса сафарбарлик Кремль учун айни вақтда ноқулай бўлиб турган урушдаги вазиятни қанчалик ўзгартириши бўйича аниқ баҳо беришни қийинлаштиради. Аммо ҳозирдан бу вазифани уддалаш қийин бўлишини айтиш мумкин.

Ҳозирда фронтда нималар бўлмоқда?

Россиянинг Изюм-Купянск йўналишидаги гуруҳи қуршовга тушиб қолмаслик учун тезлик билан чекиниши Харкивдан шарқдаги фронтда 150 километр узунликда бўшлиқ юзага келишига олиб келди. Гуруҳ чекиниш вақтида юзлаб зирҳли техника ва артиллерия қуролларини (маълум қисми яксон этилган ва шикастланган, катта қисми украинларга ўлжа бўлган) қолдириб кетди. Натижада Изюмдан олиб чиқилган қўшин ўзининг жанговар қобилиятини қисман йўқотди. Афтидан, Россия қўмондонлиги бу бўшлиқни ёпиш учун захира кучлар топа олмади.

Якунда қарши ҳужумга ўтган украинларни Оскол ва Шимолий Дон дарёси бўйлаб янги мудофаа чизиғида тутиб туриш режаси ҳам барбод бўлди. Украина қуролли кучлари икки дарёни ҳам бир неча нуқтадан кечиб ўтди ва Луҳанск областига янги ҳужумни ривожлантирмоқда.

Россия қўмондонлиги украин ҳарбийлари Шимолий Донни кечиб ўтишини қийинлаштириш мақсадида Печенежский сув омборидаги тўғонни портлатиб юборишди. Ҳозирча бу Украина қуролли кучлари юришини секинлаштира олиши аниқ эмас.

Россияда нима учун украинлар қарши ҳужумини тўхтатиш учун захира кучлар топилмади?

Сўнгги вақтларда Россия қўмондонлиги томонидан тайёрланган захира кучлари украинларнинг жанубдаги қарши ҳужумларига қарши туриш учун Херсон областига ташланганди. Украинлар август ойи охирида жанубда манёврлар амалга оширган, аммо ҳозирча сезиларли даражада илгарилаш кузатилгани йўқ.