Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен америкалик гроссмейстер Ҳанс Ниманни ғирромликда айблади.

«Sinquefield Cup турнирида Ҳанс Ниманнга қарши учинчи тур партиясидан кейин мусобақани тарк этиш ҳақида мисли кўрилмаган қарорга келдим. Бир ҳафта ўтгач, Champions Chess Tour мусобақасида Ниманнга битта юришдан кейин [атайин] таслим бўлдим.

Биламан, хатти-ҳаракатларим шахмат жамоатчилигининг кўплаб вакилларини ранжитди. Ўзимнинг ҳам ҳафсалам пир бўлди. Мен шахмат ўйнашни хоҳлайман. Энг яхши турнирларда, энг юқори савияда шахмат ўйнамоқчиман. 

Шахматдаги ғирромлик – катта муаммо ва ўйин учун хавф туғдирмоқда. Менимча, турнир ташкилотчилари ва севимли ўйинимиз дахлсизлиги ҳақида қайғурадиган барча одамлар хавфсизлик чораларини кучайтириш ва шахмат тахтасида читерликни аниқлаш усуллари ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керак.

Ниманн сўнгги паллаларда Sinquefield Cup турнирига таклиф этилганида, унда иштирок этишдан бош тортиш ҳақида жиддий ўйладим. Лекин барибир ўйнашга қарор қилдим.

Менимча, Ниманн омма олдида тан олганидан кўра кўпроқ алдаган. Sinquefield Cup турниридаги ўйинимиз пайтида унинг юришлари ғайриоддий эди. Менимча, у ҳатто мураккаб позицияларда ҳам диққатини ўйинга қаратмади, ғайрат солмади ва қоралар билан мени мағлуб этди. Бунга фақат саноқли шахматчилар қодир. Бу ўйин фикримни ўзгартиришга ёрдам берди.

Биз читерликка қарши нимадир қилишимиз керак. Мен ўтмишда кўп марта ғирромлик қилган шахматчилар билан ўйнашни истамайман, чунки улар келажакда нималарга қодир эканини билмайман. 

Мен айтмоқчи бўлган яна бир нарса бор. Лекин, афсуски, гапира олмайман. Шу пайтгача фақат ўз ҳаракатларим билан гапирган эдим ва бу ҳаракатларим Ниманн билан шахмат ўйнашни хоҳламаслигимни аниқ кўрсатиб турарди.

Умид қиламанки, бу воқеа тўғрисидаги ҳақиқат қандай бўлишидан қатъи назар қачонлардир юзага чиқади», деб ёзди Карлсен ижтимоий тармоқда.

Норвегиялик шахматчи рақиби Ниманнинг айнан қандай усулда читерлик қилганига ойдинлик киритмади.

Эслатиб ўтамиз, «Читерлик» (инг. «cheat» - фириб қилмоқ, алдамоқ) – компьютер оламига мансуб термин бўлиб, ўйинларда ташаббусга эга бўлиш учун ғирромлик билан ўзгача дастурий таъминот ёки аппаратдан фойдаланишни англатади.