Ўзбекистон | 09:02 / 27.09.2022
2439
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Бруней икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик битимини имзолайди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Нью-Йоркда Бруней-Доруссаломнинг иккинчи ташқи ишлар вазири билан учрашди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси 77-сессияси доирасида Бруней-Доруссаломнинг иккинчи ташқи ишлар вазири Эриван Юсуф билан учрашди.

Эриван Юсуф туризм икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланиши кераклигини алоҳида урғулади. Ўзбекистонда туризм соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолади. “Зиёрат туризми” ва “Умра+” дастурлари доирасида Ўзбекистон Бруней фуқаролари учун туризм марказларидан бирига айланиши мумкинлиги қайд этилди.

Томонлар шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик, даромадлар ва капиталга солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш бўйича ҳукуматлараро битимларни имзолаш масаласини ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди. 

Ҳамкорлик имкониятларини мазмунли муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Бруней Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар навбатдаги раундини ўтказиш масаласини ўрганишга келишиб олинди.

Мавзуга оид