Фонд ахборот хизматининг хабар беришича, Зироат Мирзиёева ўқувчилар билан сувдан оқилона фойдаланиш, санитария ва гигиенанинг соғлом турмуш учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашган.

Бугунги кунда вилоятнинг 16 та мактабида қудуқлардан сув билан таъминлаш, сувни филтрлаш ва хавфсиз ичимлик суви даражасигача чучуклаштириш тизимлари ўрнатилган. Сув таъминоти ва канализациянинг ички ва ташқи муҳандислик тармоқлари, ҳожатхона ва душ хоналари қурилган. Шунингдек, оқова сувларни суғорма сув даражасигача биологик тозалаш тизимлари ўрнатилган. Мактаблар жойлашган ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.


Лойиҳанинг навбатдаги босқичи учун вилоятдаги яна 15 та мактаб танлаб олинган. Лойиҳа БМТ Болалар фонди (ЮНИCЕФ), “Ўзсувтаъминот” АЖ, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.


Шунингдек, Зироат Мирзиёева Бухородаги 123-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ҳам ташриф буюриб, ўқувчилар билан суҳбатлашган. Меҳмонлар иштирокида “Zamin Eco education” ўқувчилари билан биргаликда дарахт экиш акцияси ўтказилган. Тадбир давомида “ақлли суғориш” тизими намойиш этилган.



















