Ўзбекистон | 11:34 / 30.09.2022
10312
2 дақиқада ўқилади

1 октябрдан солиқ хавфи юқори деб баҳоланган солиқ тўловчилар рўйхати эълон қилинади

2022 йил 1 октябрдан давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда тенг рақобат муҳитини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари олдини олиш мақсадида қатор чоралар кўрилади.

Фото: Fotolia

Ҳукумат қарорига кўра, Давлат солиқ қўмитаси солиқ хавфи юқори деб баҳоланган солиқ тўловчилар рўйхатини ўз сайтида жойлаштиради, Давлат солиқ қўмитаси сайтида жойлаштирилган солиқ тўловчилар давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан “Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри”га киритилади.

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини аниқлаш ҳамда солиқ хавфини таҳлил қилиш айрим давлат органлари ва ташкилотлари мавжуд ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларидан авторизация ҳуқуқи асосида фойдаланган ҳолда, реал вақт режимида амалга оширилади.

Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда интеграциялашган маълумотлар базасини реал вақт режимида таққослаш ва солиқ солиш базасини кенгайтириш имконини берадиган Давлат солиқ қўмитасининг «Ташқи манба-2» дастурий комплексини яратиш ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Дастурий комплексни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кузатиб бориш билан боғлиқ харажатлар Давлат солиқ қўмитаси Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари қонунчилик ҳужжатлари ахборот хавфсизлигига риоя этишга доир талабларини ҳисобга олган ҳолда, ўз ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базасидан Давлат солиқ қўмитасига авторизация ҳуқуқи асосида солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини аниқлаш ҳамда солиқ хавфини таҳлил қилиш учун реал вақт режимида фойдаланиш имкониятини яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид