Россия президенти Владимир Путин имзолаш маросими олдидан сўзлаган нутқида Украина ҳукуматини ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига ўтиришга чақирди, аммо аннексия қилинган ҳудудлар мақоми муҳокама қилинмаслигини айтди.

«Биз Киев режимини зудлик билан ўт очишни, барча жанговар ҳаракатлар, 2014 йилда бошлаган урушини тўхтатишга ва музокаралар столига қайтишга чақирамиз. Биз бунга тайёрмиз», - деди Путин Кремлдаги Георгий залида бўлиб ўтган маросимда.

Путиннинг қўшимча қилишича, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» ҳамда қисман босиб олинган Херсон ва Запорижжя областларида Россияга қўшилиш тўғрисида ўтказилган «референдум»лардаги «халқлар танлови муҳокама қилинмайди».

«Танлов қилинди, - деди Россия президенти. - Россия унга хиёнат қилмайди». «Фақат шундай йўл билан тинчликка эришиш мумкин», дея қўшимча қилган у ва аннексия қилинган ҳудудларни «барча воситалар билан» ҳимоя қилишни ваъда қилган.

Украина ва Ғарб мамлакатлари «референдум»ларни сохта деб атамоқда ва уларни тан олмайди.

Путиннинг нутқи

MIKHAIL METZEL/TASS

Путин 36 дақиқа давом этган чиқишида «референдум»лар ўтказишни миллионлаб одамларнинг «ажралмас ҳуқуқи» деб атади.

Рус халқининг «тарихий бирдамлиги» тўғрисида сўз юритаркан, у Исо алайҳиссаломнинг тоғдаги даъвати ва файласуф Иван Ильиннинг сўзларидан иқтибос келтирди, саркардалар Суворов ва Ушаков ҳамда Арсен Павлов (Моторола) ва Александр Захарченколарни ёдга олди. У яна бир бор Ғарб, СССРнинг тарқалиши, Украинада 2014 йилда юз берган воқеалар тўғрисида гапирди ва Украинанинг босиб олинган регионлари аҳолиси «бир умрга бизнинг фуқароларимиз бўлишади» деди. 

«Ғарб гегемонияси синишининг бошланиши тўхтамайди, - деди Путин (у бу сўзни бир неча марта ишлатди). – Энди аввалгидек бўлмайди. Бу халқимиз, улкан тарихий Россия учун жанг майдони».

«Ортимизда ҳақиқат, ортимизда Россия» деган сўзлардан сўнг Путин ва босиб олинган тўрт регион вакиллари шартномаларни имзолашди.