2011 йилнинг 19 декабри Хоразм вилояти Хазорасп тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходими Дилшод Машариповнинг ҳаётида қора кун сифатида муҳрланган. Боиси у худди шу куни Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ишхонасидан жиноятчилардек ушлаб кетилган.

У Kun.uz’га берган интервьюсида сўроқ пайтида инсон зоти чидаши мушкул бўлган шафқатсиз усуллар билан қийноққа солинганини айтади.

Ўша куни Хазорасп тумани ИИБ раҳбари маърифат соати ўтказди. Ўтган ҳафтада қилинган ишлар бўйича масъуллардан ҳисобот олди, янги ҳафтадаги режаларни белгилаб берди. Шу билан йиғилиш тугади, ҳамма ўз иши билан шуғулланиш учун тарқалди. Машинамга ўтираётганимда зарур ҳужжатни хонамда унутиб қолдирганим эсимга тушди.

Ишхонамга қайтиб кираётганимда қўриқчилардан бири мени раҳбар йўқлаганини айтди. Йўлакда ўринбосар ва фуқаро кийимидаги номаълум эркак кутиб олди. Хонага кирсам, у ерда туман ИИБ раҳбаридан ташқари, вилоят ИИБ бошлиғи, мен билан бирга ишлайдиган тезкор ходим Бахтишод Маткаримов, яна фуқаро кийимидаги ўн чоғли одам бор эди. Кейин билсам фуқаро кийимидаги шахслар МХХ ходимлари экан.

Улар нима гаплигини тушунтирмасдан хонамни тинтув қилишди. Мендан ташқарига чиқиб туришни сўрашганди, бу қонунга зид талаб бўлгани учун унамадим. Ҳеч нарса топиша олмади. Сўнгра тинтув ўтказган ходимлар ким биландир телефонлашиб, аввал Бахтишод Маткаримовни, сўнгра менинг қўлимга кишан солиб, қўлларимни орқага қилиб, бошимни ерга энкайтириб, худди жиноятчилардек ишхонамдан олиб чиқиб кетишди. Нима сабабдан олиб кетаётганларини ҳам айтишмади.

Шахсий машинамнинг орқа ўриндиғига ўтқазиб, олдинда иккитаси ва икки ёнимда иккитаси ўтириб, МХХ Хоразм вилоят бошқармасига олиб кетишди. Йўл-йўлакай биқинимга муштлаб боришди. Мен ва ҳамкасбимни олдинма-кетин вилоят хавфсизлик бошқармаси биносига олиб кириб, раҳбарларига «яна иккита мусорни олиб келдик» деб хабар беришди.

Сўнг қоп-қоронғи тергов хонасига олиб киришди. Хонадаги иккита стул, битта стол ерга цемент билан қотириб ташланган. Ўрнидан қўзғатиб бўлмайди. Стол устига «Кириш бор, чиқиш йўқ. Бу кунингдан ўлганинг яхши!» деб ўйиб ёзиб қўйишган. Сўроқ бераётган шахс стулга ўтқазилгач, қўллари занжирланади, ерга қоқилган занжирлар қўлингизни маҳкам тортиб туради.

Баҳодир деган тезкор ходим вакили ҳеч йўқ бе йўқ пешонамга мушт туширди. Айбим нима деб сўрагандим: «Айбинг бўлмаса, айб топамиз. Жиноятчи бўлмасанг, жиноятчига айлантирамиз», деди. Сўнгра маска кийган тўрт ходимга: “Буни ўзига келтиринглар”, деб буюрди. Улар мени деворга суяб, икки қўлимдан ушлаб туриб, дубинка билан ура бошлашди. Икки соатча азоб беришди. Ҳаттоки, икки қўлимни тепага боғлаб, моягимга сув солинган баклажка осиб қўйишди. Бу усулни кўп марта қўллашди, сўроқ қилинаётган шахс оғриқдан додласаям, то у ҳушдан кетмагунча олишмайди.