«Бу жуда катта активлар, тахминан 350 миллиард еврони ташкил этади. Ва бугун ушбу маблағлардан Украинани тиклаш учун, шунингдек, Европа Иттифоқи аҳолиси, Полша халқи эҳтиёжлари учун фойдаланиш мумкин», деди Моравецки Европа Иттифоқининг норасмий саммити чоғида. 

«Баъзи бош вазирлар янги жамғарма ташкил қилишни таклиф этишди. Аммо мен бир манба ҳақида гапиряпман — қўлга киритиш жуда осон бўлган манба ҳақида. Яъни, Россия Федерациясининг, россиялик олигархларнинг музлатилган активлари ҳақида», деб қўшимча қилди Полша ҳукумати раҳбари. 

9 май куни Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Россиянинг музлатилган активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланишни таклиф қилган эди. 6 июль куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен бундай чорани жорий этишнинг ҳуқуқий асослари устида иш бошланганини маълум қилди. 

Еврокомиссия бу масалани ушбу активлар ҳибсга олинган мамлакатлар ҳал қилишини таъкидлади. Швейцарияда бу ташаббус инсоннинг мулк ҳуқуқи бузилиши сифатида баҳоланди. 8 сентябрь куни Россия Марказий банки активлари музлатилишидан жабр кўрган инвесторлар учун компенсация жамғармасини яратиш режасини маълум қилди.