Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, итлар Олот туман ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан сувсиз ва овқатсиз қолдирилган. Мақсад — итларни шу йўл билан йўқ қилиш.
Ободонлаштириш ходимлари бу ишини "хизмат вазифаси" дея изоҳлаган.
Видеоларда очликдан силласи қуриб, ўлимини кутаётган она ит ва унинг атрофидаги чорасиз болаларини кўриш мумкин.
“Бориб қутқариб олдим, яна бир кун қафасда оч ётса, ўларди”, дейди фуқаро.
У бундай ҳолатга 5-6 марта дуч келган, бу ҳолдан хабар топгач, ободонлаштириш бўлимидан бир неча марта итларни уйига олиб кетиб даволаган. Айрим итларга дори бериб ўлдирилган.
Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олот туман ободонлаштириш бўлими бошлиғи Убайдулло Қуллиев билан боғландик.
У вазиятни изоҳлар экан, тизимдаги муаммолар туфайли шундай қилишга мажбур бўлишаётганини айтади.
“Вақтинча сақлаш жойига олиб келинган итлар одамларни тишлаган. Ҳолат расмийлаштирилиб, итлар олиб келиб қўйилган. Итлар олиб келинганидан кейин касалми ёки йўқлиги аниқланади. Ҳозир давлат дорига пул бермайди, демак қаровсиз итларнинг ҳаммасини дори бериб йўқ қилолмаймиз ҳам. Итлар кўпайиб кетган, биз сақлашга мажбурмиз. Чунки бировни тишлагандан кейин касал ёки қутурган ит бўлса, текшириш учун сақланади. Оч сақланганига сабаб шуки, вақтинча итларни сақлаш учун маблағ ажратилмайди”, - дейди у.
Қуллиевнинг қўшимча қилишича, итларни ўлдириш масаласи жуда оғриқли. Илгари аҳолидан шикоят тушса, ободонлаштириш бўлимларининг итларни тутиш бригадалари бориб, дори бериб уларни йўқ қилган. Ҳозир дорига ҳам пул ажратилмаяпти.
“Бир томондан итларни сақлаш учун шароит ҳам йўқ. Аҳолининг мурожаатини бажармасак ҳам бўлмайди. Ёш болаларни қаровсиз итлар қувлайди. Аҳоли норози бўлади. Шундай сақламасак, одамлар устимиздан ариза ёзади. Сизлар журналист бўлиб, шу масалада ёрдам беринглар. Итларни сақлаш учун талабга жавоб берадиган сақлаш жойлари ташкил қилиш керак. Механизм ишлаб чиқилиши керак”, - деди ободонлаштириш бўлим раҳбари.
Унинг гапларини экожурналист Ферузбек Сайфуллаев ҳам тасдиқлайди.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарорининг 4-иловаси билан “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари” тасдиқланган.









