Сўнгги ҳафталарда фронтдаги вазият тез ўзгармоқда ва Россия томони учун доимий равишда ёмонлашмоқда. Украина кучлари аллақачон катта ҳудудларни ишғолдан озод қилган ва тўхташни режалаштирмаяпти. Бунга жавобан Владимир Путин ва Россия расмийлари ё ядровий зарба бериш кераклигига шама қилмоқда ёки музокаралар ўтказишни таклиф қилмоқда (лекин фақат «Россия таклиф қиладиган шартлар асосида»). «Медуза» ҳарбий экспертлар билан бу вазият нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.

Россия қандайдир тарзда Украина ҳужумини тўхтата оладими?

Кирилл Михайлов, Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқот гуруҳи аъзоси: Херсон вилоятида россияликларнинг ҳали жиддий жангларда қатнашмаган захиралари ва десантчилари бор. Назарий жиҳатдан, бу захираларнинг жангга юборилиши қарши ҳужумни тўхтатиши мумкин. Аммо агар улар Лиман яқинидаги каби тарқоқ ҳаракат қилса, бу рус қисмлари учун аянчли якунланиши мумкин.

Шимоли-шарқий йўналишда вазият бундан ҳам ёмонроқ, гарчи жанглар Россия таъминот базаларига яқинроқда кечаётган бўлса ҳам. У ерда рус қўшинлари жанглардан силласи қуриган ва захиралар Херсонга кўчирилгандан кейин заифлашиб қолган. Амалдаги кучлардан у ерда 1-танк армияси ва 20-умумқўшин армияси қолган, аммо улар Изюм йўналишидан чекинган пайтда ташкилотчилик ва техника борасида кўп йўқотишларга учраган, шунингдек, Лиман, Купянск яқинидаги қарши ҳужумлардан сўнг жанговар қобилиятининг бир қисмидан айрилган.

Ҳозирда сафарбар қилинганларнинг аксарияти Луҳанск вилоятига ташланмоқда. Улар аллақачон асирга тушишни бошлаб юборган. Демак, у ерда ҳам Россия армияси жиддий муаммоларга дуч келяпти.

Игорь Куртуков, ҳарбий тарихчи: Салоҳият бор, лекин долзарблик ҳам бор. Салоҳияти жиҳатидан Россия, албатта, Украинадан каттароқ. Яъни агар Россия худди Украина каби тўлиқ имкониятларини ишга солиб, урушда қатнашса, унда, албатта, украиналикларга жуда оғир бўлар эди.

Сафарбар қилинганларнинг сон жиҳатдан устунлиги баъзан қурол-яроғлар сонидаги устунлик билан қопланиши мумкин. Масалан, рақибда одам кучи икки баробар кўп бўлса, бу устунликни қурол-яроғлар миқдори тўрт баробар кўплиги билан қоплаш мумкин: квадратик қарамлик. Агар устунлик уч баравар бўлса, бу худди пулемётга қарши найза билан жанг қилишга ўхшайди. Бу оғир вазият.