“Қонунга асосан суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахслар, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишга оид чеклови олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Бироқ амалиётда айрим давлат ижрочилари ушбу қонун талабларини нотўғри талқин қилган ҳолда ижро ҳужжати бўйича қарзи йўқ ва алимент тўлашдан бўйин товламаган алимент тўловчи шахсларга ҳам мамлакатимиздан четга чиқишда сунъий чеклов қўйишдек салбий ҳолатлар учраб турибди. Улар бундан норози бўлиб, маъмурий судларга мурожаат қилганда уларнинг талаблари рад этилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди”, дея Азиз Обидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, маъмурий судлар томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида 7 704 та, хусусан, давлат ижрочисининг алимент тўловчи шахсни мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ишлар ҳам кўриб чиқилган.

Олий суд мулозими вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилиши, алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишини айтмоқда.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 5-бандига кўра, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги бўлмаган тақдирдагина амалга оширилади.















