13:54 / 11.10.2022
5599

Қуриб қолган қудуқлар, ичимлик сувисиз қолаётган аҳоли – депутатлар Сурхондарёда кузатилаётган сув муаммосини муҳокама қилишди

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг олтмишинчи сессиясида сурхондарёликларни қийнаб келаётган ичимлик суви масаласи кўтарилди. Халқ вакилларига ахборот берган президентнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳаким Эшмуродовга кўра, 2022 йил давомида ичимлик суви таъминоти бўйича 2387 та мурожаат келиб тушган.

Фото: KUN.UZ

Абдуҳаким Эшмуродов вилоятдаги сув муаммосини ҳал қилиш мақсадида Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви тармоғи ташкил этиш бўйича дастур амалга оширилаётганини билдирди.

“Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви тармоғи дастури асосида 361 км сув тизими ташкил қилинади. Дастурга кўра 11 та туман ва Термиз шаҳри жами 12 та ҳудудда 1 млн 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Лойиҳа 2023 йилда якунланади.

Лекин Олтинсой тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ушбу дастурга киритилмаган ва бу ҳудудни сув билан таъминлашда муаммолар кўп. Шу боис бу ҳудуддан айни йўналишда мурожаатлар кўпаймоқда. Биргина Вахшивор қишлоғи ҳудудидаги 14 та маҳаллада аҳолини ичимлик ва томорқа суви билан таъминловчи булоқлар қуриган, экин экиб бўлмаяпти, боғлар ва узумзорларда муаммолар бор, натижада бу ерда яшаш оғирлашиб бормоқда. Бу муаммога ечим топиш учун эса ҳудуддаги булоқларнинг сувларини каптажларга тўплаб аҳолига етказиб бериш масаласи кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деган Абдуҳаким Эшмуродов.

Вилоят халқ қабулхонаси мудири Музработ туманининг Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви олиб бориш имконсиз бўлган ҳудудлари сув таъминоти учун давлат раҳбари томонидан 60 млн доллар пул ажратиб берилгани, ушбу маблағ эвазига Шерободнинг Пашхўрт қишлоғидан Музработнинг ичимлик суви муаммоси мавжуд ҳудудларига сув тортиб келинаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Олтинсойдаги сув муаммоси бўйича сайтимизда ҳам таҳлилий мақола эълон қилинган, унда экинларни суғоришга сув йўқлиги туфайли тумандаги узумзор ва боғлар қуриб бораётгани кўтарилганди.

Top