13:58 / 12.10.2022
11624

Украина: ФХХнинг Қрим кўприги портлатилиши бўйича айбловлари - сафсата

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов Россия ФХХнинг Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Қрим кўпригидаги портлашга алоқадорлиги тўғрисидаги айбловларини «сафсата» деб атади. 

Фото: Getty Images

«Россия Федерацияси ФХХ ва Тергов қўмитасининг барча фаолияти - сафсата. Булар Путин режимига хизмат қилувчи сохта тузилмалар, шунинг учун уларнинг мунтазам баёнотларига изоҳ бермаймиз», деб жавоб берди Юсов. 

ФХХ маълумотларига кўра, портлашни Буданов уюштирган, унга мўлжалланган портловчи моддалар хорижликлар ёрдамида Болгария, Грузия ва Арманистон орқали олиб ўтилган.

Бундан олдин ФХХ Қрим кўприги портлатилгани иши бўйича уч давлат фуқаролари ушланганини эълон қилганди.

Қўлга олинганлар орасида Россия, Украина ва Арманистон фуқаролари бор. ФХХ кўприкни портлатиш ташкилотчиси сифатида Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановни кўрсатди.

 «Айни пайтда жиноят иши доирасида жиноятни тайёрлашда иштирок этган Россиянинг беш нафар фуқароси, Украина ва Арманистоннинг уч нафар фуқароси қўлга олинди», — дейилади 12 октябр, чоршанба куни махсус хизмат хабарида. Портлаш ташкилотчилари сифатида Украина Бош разведка бошқармаси ва унинг раҳбари Кирилл Буданов кўрсатилган.

Россияни аннексия қилинган Қрим яримороли билан боғловчи 19 километрлик кўприкда 8 октябрь куни эрталаб портлаш содир бўлди. Қрим кўпригининг автомобиль қисмида юк машинаси портлатиб юборилган, шундан сўнг темирйўл поездининг ёнилғи баклари ёниб кетган. Россия учун стратегик ва рамзий аҳамиятга эга объект жиддий зарар кўрди. Расмий маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top