Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган икки нафар шахс айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик бўлимида даволанмоқда. Жабрланувчилардан бири авария вақтида Nexia-3 автомобилининг орқа қисмида бўлган йўловчи бўлиб, марказ нейрохирурги Дониёр Исроилов ушбу беморнинг ҳолати ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.

“Бемор бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси билан ётқизилган. Марказимизда у керакли барча текширувлардан ўтказилиб, зарур даволаш муолажалари тайинланган. Назоратда бўлган даврда беморда мия симптомлари анча камайган. Ўзини яхши ҳис қилмоқда”, дея Дониёр Исроиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Дониёр Исроилов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори, нейрохирург Фото: Kun.uz

Шу ўринда қизиқ бир ҳолат. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 9 октябрда содир бўлган авария ҳақида маълумот бераркан, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганларнинг бири Nexia-3 ҳайдовчиси экани ҳақида хабар берганди. Буни ушбу йўл-транспорт ҳодиса ҳақида турли нашрларда чиққан хабарлар ҳам тасдиқлайди.

Бироқ суриштирувларимиз давомида бу маълумот нотўғри экани маълум бўлди. Аварияда ҳалок бўлганларнинг ҳар иккиси Nexia-3 йўловчиси бўлиб, ҳодисада оғир жароҳат олган ҳайдовчи ҳозир шифохонада даволанмоқда.

Жамшид Жабборов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори, жарроҳ Фото: Kun.uz

“Марказимизга олиб келинган вақтда беморда кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, 9 ва 10-қовурғалар ҳамда бел умуртқасининг синиши, бош мия чайқалиши аниқланган. Шу ташхислар билан бемор шифохонамизга ётқизилган. Ҳозирги кунда у керакли муолажаларни олмоқда. Аҳволи қониқарли. Беморнинг ҳаётига хавф солувчи омиллар йўқ”, дейди Жамшид Жабборов.