Франциянинг Veolia компанияси 2022 йилнинг июл ойидан бошлаб Тошкентдаги иссиқлик тизимини бошқара бошлади. Компания 3 ойлик иши давомида 1600 дан ортиқ носозликларни аниқлаб, бартараф этган. Veolia Тashkent масъуллари Kun.uz билан суҳбатда модернизациядан кейин коммунал тўловлар ошмаслиги, аксинча бир қанча яхшиланишлар кутилаётганини маълум қилди. Келгусида барча биноларнинг иситиш тизими алоҳида бўлади, иссиқ сув сифати яхшиланади ва қувурлар коррозияси камаяди. Мутахассислар иссиқлик энергиясининг бирлик харажатларини ҳам камайтирмоқчи.

Француз компанияси Тошкентда иссиқлик тизимини яхшилайди

2022 йил 1 июлдан Франциянинг Veolia компанияси Veolia Energy Tashkent МЧЖ шуъба компанияси орқали Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришни бошлади. 2021 йил 29 сентябрдаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга биноан бошқарув 30 йил муддатга берилган.

Бу даврда компания пойтахтдаги иссиқлик инфратузилмасини янгилайди ва аҳолига иссиқлик етказиб беради.

Журналист ва блогерлар учун ташкил қилинган пресс-турда ўзгаришлар ва режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Veolia Energy Tashkent бош директори Александр Хасти Kun.uz мухбири билан суҳбатда пойтахтдаги иссиқлик тизимининг 3 ойлик ўрганишдан кейинги хулосаларини айтар экан, модернизация ва тизимга киритилган инвестиция учун аҳолига иссиқлик тизими (иссиқ сув ва куз-қишда иситиш) коммунал тўловлар оширилмаслигини маълум қилди.

«Коммунал тўловлар ўтган йилги нархда ўзгаришсиз қолади. Келажакда биз нархлар ошишига ҳисса қўшиб келган тизимдаги йўқотишлар олдини оламиз ва харажатларни камайтиришга эришамиз.

Лойиҳанинг бошидан бошлаб биз тушундикки, тизимни модернизация қилиш ва уни яхшилаш инвестиция талаб қилади, шу сабабли бу харажатлар субсидиялар орқали қопланади», – деди у.

Компания томонидан берилган маълумотларга кўра, тарифлар кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида аҳолига пасайтирилган тарифларни қўллаш ва кўриладиган зарарларни қоплаш учун Тошкент шаҳар бюджетидан 2021-2027 йилларда 8,4 трлн сўм субсидия ажратилади.

Шунингдек, Александр Хасти тизимдаги камчиликлар даражаси 50 фоизга етишини таъкидлади.