20 ноябр – Қозоғистонда муддатидан аввал президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 11 октябр куни мамлакатда президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни якунланди. Ҳозирча Марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида 12 кишини рўйхатга олди – рўйхатга олиш 21 октябргача давом этади.
Бу сайлов мамлакатдаги сиёсий тизимни ўзгартирадиган, иқтисодий ўсишга, фуқаролар фаровонлиги ва турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қиладиган жараён сифатида кўрилмоқда. Амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан шунга ваъда берилмоқда.
Kun.uz мухбири Қозоғистонда ўтадиган президентлик сайлови, қозоқ жамиятида бу жараёнга бўлган қараш, номзодлар, унда мухолифатга қанчалик йўл берилгани, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон алоқаларига оид қатор саволлар билан қозоғистонлик таҳлилчи Сапарбой Жубаевга юзланди.
— Сапарбой ака, яқинлашаётган президентлик сайловига қозоқ жамиятининг эътибори, муносабати қанақа? Тўқаевнинг имкониятлари тушунарли, сайловда қатнашаётган бошқа номзодларнинг имкониятлари қандай? Мухолифатга йўл берилганми?
Қандайдир интригалар кутиляптими?
— Фикримча, Қозоғистонда навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишига йил бошидаги террористик ҳаракатлар ҳам сабаб бўлди.

Тўқаевнинг президентлик муддати келгуси йили тугаши керак эди. Аммо бўлиб ўтган ана шу ҳодисалар фонида президент бир йилда икки бор халққа мурожаат йўллади. Тўқаев шулардан биринчисида конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида таклиф киритди ва биз уни референдумлар орқали қабул қилдик. Иккинчи чиқишда эса ноябр ойининг йигирманчи куни муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди.
Буларнинг моҳиятида бўлаётган катта ўзгаришлар давомида президент халқ ўзи биланми ёки бунга зид фикрдалигини аниқлаган бўлса, иккинчи томондан халқ орасида ҳам турфа фикрлилар бор. Сабаби 8 йилда икки бор қайта сайланиш имконияти бўлатуриб, нима сабабдан етти йилда бир марта сайлов ўзгартириши киритилмоқда. Иккаласининг фарқи йўқ-ку, деган тушунчалар ҳам бор.
Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бугунги кунда халқ Тўқаевга катта умидлар билан кўз тикиб турибди. Шунинг учун ҳам Тўқаев халқ ишончи билан етти йилга сайланиб, ўзининг кўзлаган ниятларини амалга оширишга уриниб кўради. Бундан ташқари, январ ойидаги террористик ҳаракатлар вақтида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлишида қисман Тўқаевни ҳам айблайдиганлар йўқ эмас. Улар нима учун бу жиноятларга суд ҳукми ўқилмай туриб, қайта сайлов ўтказишмоқчи деган саволларни ҳам беришмоқда.

















