«ФВВ маълумотига кўра, Ейскда самолёт қулаган жой харобаларида олиб борилган ишлар давомида қурбонлар жасадлари аниқланган. 18 октябр куни соат 6:00 ҳолатига кўра ҳалокат қурбонлари сони 13 нафарни ташкил этмоқда, шундан уч нафари болалар. 19 киши яраланган, уларнинг тўрт нафари Краснодар ўлкаси шифохонасига олиб кетилган, қолганлар Ейскдаги шифохонада даволанишда давом этмоқда», - дея хабар берган РФ соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов.

Дастлабки хабарларда қурбонлар сони уч нафар экани айтилаётганди. Россия ФВВ матбуот хизмати қидирув ишлари вақтида яна 10 кишининг жасади топилганини маълум қилган.

Қидирув ишлари давомида 68 киши қутқарилгани, 360 дан ортиқ киши эвакуация қилингани айтилган.

Сешанба куни Россия Тергов қўмитаси Су-34 самолётининг қулаши асосий сабаби сифатида самолёт техник носозлиги вариантини кўриб чиқаётганини маълум қилган.

Қутқарувчилар ҳудудда ишларни якунлашган. Фото: ERIK ROMANENKO/TASS

«Кучли портлаш бўлмаган»

17 октябр куни кечқурун Краснодар ўлкаси Ейск шаҳрида Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолёти турар жой массивида кўп қаватли уйлар ҳовлисига қулаб тушди. Самолёт қулаш чоғида тўққиз қаватли уйга тегиб кетган. Мудофаа вазирлиги ҳалокатга самолёт двигателларидан бири ёниб кетгани сабаб бўлганини маълум қилган.

«Самолёт қулаш давомида уйга урилган, қулаган ва атрофга ёнилғи тўкилган. Кучли портлаш кузатилмаган, чунки атрофдаги қурилишларнинг ойналари бутун. Ҳеч қандай портлаш бўлмаган, фақат уй шикастланган - бунинг сабаби тушунарли», деган журналистларга Ейскка етиб келган Россия ФВВ раҳбари Александр Куренков.

«Ёнғин ёнилғи тўкилиши оқибатида келиб чиққан», дея тасдиқлайди вазир.

Ёнғин кўп қаватли уй подъездларидан бирини тўлиқ қамраб олган. Фото: ERIK ROMANENKO/TASS

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев ҳам самолёт бортида ўқ-дорилар бўлмаганини айтади.

«Ўқ-дорилар портлагани ҳақида тўхталадиган бўлсак - интернетда нималарни ёзишмайди! Агар шунга ўхшаш нимадир бўлганида уйнинг ярми йўқ бўлиб кетган бўларди», деган Кондратьев ушбу уйда яшовчиларга.