Трасс ўз истеъфоси ҳақида қирол Чарлз III’ни хабардор этганини маълум қилди. Энди Консерватив партия кўз етакчисини ва ҳукуматнинг янги раҳбарини аниқлаш учун янги сайловлар ўтказиши керак.

«Мен катта иқтисодий ва халқаро беқарорлик даврида лавозимга киришдим. Оилалар ва компаниялар ўз ҳисобларини қандай тўлаш ҳақида қайғураётган даврда», деди Лиз Трасс истеъфоси ҳақида эълон қиларкан.

«Путиннинг Украинадаги ноқонуний уруши бутун қитъамиз хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Ва бизнинг мамлакатимиз иқтисодий ўсиш пастлиги туфайли жуда узоқ вақт тўхтаб қолди», дея давом этади бош вазир.

«Мен Консерватив партия томонидан буни ўзгартириш ваколати билан сайландим. Биз электр энергияси тўловлари бўйича таклифлар бердик ҳамда миллий суғурта тўловларини қисқартирдик. Биз Brexit туфайли олинган имтиёз ва эркинликлардан фойдаланадиган паст солиқли, тез ривожланаётган иқтисодиёт бўйича ўз концепциямизни белгилаб олдик», деган Трасс.

«Аммо мен вазиятдан келиб чиқиб тан оламанки, мени сайлаган Консерватив партия томонидан белгиланган мандатни бажара олмайман», деган у.

Аввалроқ бош вазир ўз солиқ ташаббуслари туфайли ҳалокатли танқидларга йўлиққан, молия вазирини алмаштиришга ҳамда эълон қилинган бюджет режаларини бекор қилишга мажбур бўлганди.

Сўнгги ҳафталарда консерваторларнинг машҳурлиги Британиядаги социологик тадқиқотлар тарихидаги энг қуйи кўрсаткичларга тушиб кетди.

Трасс беш ҳафта муқаддам Консерватив партия етакчилиги ва Бирлашган Қироллик бош вазирлигига сайланганди. Энди у янги бош вазир номи аниқ бўлгунига қадар ўз лавозимида қолади.

Мухолифатдаги Лейбористлар партияси етакчиси Кир Стармер зудлик билан умуммиллий сайловлар ўтказишни талаб қилди. Бу талабга либерал-демократлар ва Шотландия миллий партияси раҳбарлари ҳам қўшилди.

Лиз Трасс эса бир ҳафта ичида консерваторлар ўзининг янги етакчисини сайлаш учун ички сайловлар ўтказишини маълум қилди.

Ҳокимиятда 45 кун

Лиз Трасс ҳокимият тепасида атиги 45 кун қололди, бу Буюк Британия тарихида бош вазир ўз истеъфосига қадар ишлаган энг қисқа муддатдир.

Унгача энг қисқа муддатда бош вазирлик қилган шахс Жорж Каннинг бўлиб турганди, у 1827 йилда ўз вафотига қадар 119 кун давомида ҳукуматни бошқарган.