Лиз Трасс Буюк Британия бош вазирлиги лавозимини тарк этгач, унинг ўрни учун кураш авж олмоқда. Ҳозирча фақат Жамоатлар палатаси раҳбари Пенни Мордонт сайловга ўз номзодини қўйиши ҳақида эълон қилган. Лекин ҳали жим турган бўлишса-да, собиқ бош вазир Борис Жонсон ва унинг ҳукуматида молия вазири лавозимида ишлаган Риши Сунак асосий фаворитлар - улар сайловда қатнашиш учун зарур бўлган камида 100 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

BBC ҳисоб-китобларига кўра, шанба кунининг иккинчи ярмига келиб ёзда Консерватив партия ва бош вазирлик учун бўлиб ўтган сайловларда Лиз Трасснинг асосий рақиби бўлган Сунакни Жамоат палатасида торилар партиясидан 112 нафар депутат қўллаб-қувватлашини билдирган.

Сентябр ойи бошида бош вазирлик лавозимини эгаллаган Трасс икки ой ўтмасдан истеъфога чиққанидан кейин янги раҳбарни сайлаш учун партия бу сафар юқори ўтиш чегарасини жорий этди: Жамоатлар палатасида торилар фракциясининг камида 100 нафари томонидан қўллаб-қувватланаётган номзодгина сайловда иштирок этиши мумкин.

Консерваторлар партияси ҳозирда парламент қуйи палатасида 357 мандатга эга бўлгани туфайли, сайловда кўпи билан уч нафар номзод иштирок этиши мумкин.

Доминикан Республикасида оиласи билан таътил ўтказаётган собиқ бош вазир Борис Жонсон шанба куни тонгда Лондонга учиб келди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Жонсон бош вазир учун тақдим этилган қўриқчилар билан келган бўлса-да, у эконом-классда учган. У қўниши билан баёнот беришга шошилмади.

Пенни Мордонтни эса, BBC ҳисобларига кўра, ҳозирча 21 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. Сайлов жараёнида аутсайдер эканига қарамай, у сайловда иштирок этиш нияти ҳақида биринчи бўлиб эълон қилди ва у бу борада ҳозирча ягона бўлиб турибди. У ҳатто партиянинг оддий аъзолари учун дастлабки сайловолди роликни намойиш этди - сайлов жараёни сўнгида айнан оддий аъзолар партия раҳбари учун овоз беришади.

Риши Сунак ҳам ўз уйи атрофида тўпланган мухбирларга ҳозирча ҳеч нарса демади. Аммо BBC манбаларига кўра, у ҳам тез орада партия етакчилиги учун номзодини қўйиш ниятини эълон қилади.