16:55 / 25.10.2022
27726

Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонда сотиб юборилган аёллар ватанга қайтарилишини маълум қилди

Kun.uz'да айни дамда Ҳиндистонда бўлиб турган, бир йил аввал сотиб юборилган ўзбек аёлларининг видеомурожаати эълон қилинганди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси муносабат билдирди.

Унга кўра, жорий йилнинг 28 август куни Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлигида жами 7 нафар Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасининг консуллик бўлимига ватанга қайтаришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган. Элчихона томонидан мазкур фуқароларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилган. Хусусан, бу фуқаролар яшаш жойи мавжуд эмаслиги ва молиявий оғир аҳволидан келиб чиқиб, Деҳли шаҳридаги «Empowering Humanity» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда бошпана билан таъминланган.

Элчихона маълумотига кўра, аёллар ҳозирги бошпанасида уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Ўз навбатида, мурожаат қилган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлигини инобатга олиб, уларга ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган.

Юқорида қайд этилган фуқаролар Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб боргани ва мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган.

Шу билан бирга, видеомурожаат муаллифи Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлари масаласида Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан тегишли тергов ва суд жараёнлари давом этаётгани сабабли уларнинг ушбу давлат ҳудудидан чиқишига вақтинчалик чеклов қўйилган. Элчихона баёнотида ушбу ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, юқоридаги фуқароларнинг тезкор равишда Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, видеомурожаат йўллаган аёллар уларни туркманистонлик А.Ж.га сотиб юборишгани ва паспортлари қўлларидан зўрлик билан олиб қўйилганини айтган.

Top