Аввало, вазият ҳақида кенгроқ кўламда маълумот олиш мақсадида истеъмолчиларнинг электр энергиясига оид мурожаатлари билан қизиқдик. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Абдулло Абдушерозовнинг айтишича, 2022 йилнинг 9 ойида федерацияга истеъмолчилардан электр энергияси бўйича 980 та мурожаат келиб тушган.
Энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳридан – 477та. Шунингдек, Қашқадарё (76та) ва Самарқанддан ҳам (73та) кўп мурожаатлар йўлланган. Истеъмолчилар фойдасига 743 миллион сўм ундириб берилган. Таққослайдиган бўлсак, ўтган йилги айни шу йўналишдаги мурожаатлар 873 тани ташкил этган ва ўтган йилгига нисбатан бу йил 107тага кўплигини кўриш мумкин.
Инобатга олиш керакки, бу мурожаатлар нафақат таъминотдаги узилишлар, балки электр кучининг пастлиги, молиявий қарздорлик ва аҳолидан ноқонуний пул ундириш билан ҳам боғлиқ.
Электр ишлаб чиқариш 5 фоизга ошди — вазирлик
Август ойида Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, январ-июл ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қисқарган. Бироқ Энергетика вазирлиги буни рад этиб, ишлаб чиқариш аксинча ошганини билдирганди.
Статқўм маълумотларида 2022 йил январ-июл ойларида 40 млрд 43 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 297 млн кВт/соат камлиги қайд этилган эди. Аммо вазирлик расмий статистикада бир қанча маълумотлар акс этмагани сабабли ишлаб чиқариш камайгандек кўринганини маълум қилди.
“Аниқ ҳисоботларга таяниб маълум қиламизки, жорий йилнинг январ-июл ойларида республика бўйича 43 млрд 250 млн кВт соат ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 млрд 177 млн кВт соат кўп (ўсиш суръати 105,3%) электр энергияси ишлаб чиқарилган”, – дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.
Янги ИЕСлар ишга тушди
Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хўжаев Kun.uz'га берган интервьюсида куз-қиш мавсуми учун ИЭСларда қўшимча қувват пайдо бўлганини айтган эди















