Ўзбекистон | 13:18 / 26.10.2022
17946
6 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев Назарбекка борди. Қурилиш тезлашиши, “снос” учун компенсация берилиши кутилмоқда

Видеодан кадр

Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчасида бошланган кўприк қурилиши тўхтаб қолгани, бу эса одамларга қийинчилик туғдираётгани, қурилиш масъулларнинг сансалорлиги сабабли чўзилаётгани ҳақида Kun.uz мақола эълон қилган эди. Шундан кейин Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудудга бориб, ҳолатни ўрганди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган видеога кўра, Зойир Мирзаев масъулларга: “Ишни бошлашдан олдин “снос” масалалари ҳисобга олиниши керак эмасмиди?” дея танбеҳ бериб, сўнг қурилиш буюртмачиси – “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДУК бош муҳандиси Дилмурод Исаев ва Автомобил йўллари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаровга ишни ташлаб қўйиш керак эмаслигини айтган.

“Снос” бўйича қурилиш масалалари бўйича ўринбосарим Шукурулла Маҳмудовга ким қўнғироқ қилди? Буюртмачи ўринбосарим билан гаплашганмисиз? Кечирасизлар-у, иш бундай бўлмайди.

Автойўл – кучли ташкилот, лекин сизлар бундай қилманглар. Яна айтаман, қоидаси бўйича қурилишни бошлашдан олдин, шу ҳудудга унинг қандай жойлашишини кўриш керак. Бирор мактаб бўлса ҳам, олдин мен ўзим бориб, жойлашадими ёки йўқ, шуни кўриб, кейин рухсат бераман”, – деди Зойир Мирзаев.

Бундан кўринадики, кўприк қурилишига масъул бўлганлар уйларнинг бузилиши бўйича вақтида вилоят ҳокимлигига хабар бермаган бўлиши мумкин, шу сабабли ишлар чўзилиб кетган.

Шундан кейин Зойир Мирзаев қурилиш масъулларига 2 сменада ишловчи ходимлар рўйхатини шакллантириш ва техникаларни жалб этиш бўйича топшириқ берган.

Қайд этилишича, бузилишга тушган турар ва нотурар жойлар ва қурилиш материаллари нархланади, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида экспертизадан ўтказилади. Бу жараёнда мутасаддиларга депутатлар ва маҳалла вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашини тузиш вазифаси юклатилди. Ҳоким шундан сўнггина одамларга компенсация тўланишини айтди.

“10 нафардан депутат ва маҳалла вакили ҳар куни битта хонадонга кириши керак. Бизлар берадиган пул – давлатнинг, халқнинг пули. Мен ҳамманинг оғзидан чиққан пулни бермайман ҳеч қачон, бунга ҳаққим ҳам йўқ, – деган ҳоким.

Аммо ҳудудда яшовчи Роман Ким уйининг бузилишидан норозилигини билдирган. Kun.uz'нинг аввалги мақоласида бу фуқаро турар-жойини баҳолатавериб, катта маблағга тушиб кетгани, компенсация пулини ҳануз олмагани бўйича шикоят қилган эди. Зоир Мирзаев келган вақтда ҳам унга компенсация берилиши ҳақида эмас, балки уйига қўшимча равишда яна жой қўшиб беришларини айтишган. Роман Ким эса бунга рози эмаслигини билдирган.

Kun.uz Роман Ким билан боғланиб, бу масала нима бўлгани билан қизиқди. Унинг таъкидлашича, Зойир Мирзаев борган куни мутасаддилар Роман Кимнинг ҳовлисидаги деворини ағдаришини, кейин эса компенсация пуллари икки кунга қолмасдан қоплаб берилишини маълум қилишган.

Фуқаронинг маълум қилишича, вилоят ҳокимлигидан уйни нархловчилар келиб, 327 млндан ортиқ суммага баҳолашган ва ҳокимият шунча сумма тўланишини ваъда қилган. “Бироқ кунлар ўтяптики, пуллар ҳали тўлангани йўқ”, – дейди Роман Ким.

Роман Кимнинг ҳовлиси

Шу билан бирга, бу ҳудуддаги 3 та хонадон вакилларига кўчадан ўтиб-қайтиши учун йўллар вақтида очиб берилмагани ҳам бир муаммо бўлиб келаётган эди. Бунга бевосита Зангиота тумани ҳокимлиги масъул бўлган. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўз ташрифида бунинг учун Зангиота тумани ҳокимига чора кўрилишини айтиб, туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Хайрулла Хўжамқуловга интервю беришни топширган. Интервюда Хўжамқулов бу ишлар вақтида қилинмагани учун лавозимидан бўшашини маълум қилган.

Вилоят раҳбари, шунингдек, маҳалла йўллари чиқиндиларга тўлиб кетгани учун маҳалла раисларига танбеҳ берган.

Муҳокама қилинган масалалардан охиргиси – темирйўлдан кейинги ҳудудда жойлашган дўконларнинг бузилиши бўлди. Kun.uz'га берилган суратларга кўра, ҳозирда дўконлар бузилиб, ер текислаб ташланган. Маҳаллий фуқароларга кўра, бошида техникалар кун-у тун ишлаб, турар ва нотурар жойларни бузаётган эди, аммо ҳозирда техникалар тўхтаб қолган, қурилиш жойида бир-икки киши юрганини ҳисобга олмаса, ишлар умуман тўхтаб қолгани айтилмоқда.

Зангиота тумани, Назарбек шаҳарчасидаги кўприк қурилиши

 Темирйўлдан кейин жойлашган бузилган дўкон ўринлари

Аслида анча вақтдан бери ортга сурилиб келаётган кўприк қурилиши яна жонлангани яхши бўлди, фуқаролар бундан мамнун бўлиб, бу ҳақда Kun.uz таҳририятига ҳам ёзишди. Лекин агар бу ишлар кўзбўямачилик учун қилинаётган бўлса, одамлар анча вақтгача қийналиши мумкин.

Умид қиламизки, вилоят ҳокимининг аралашуви билан давом этаётган ишлар тўхтаб қолмайди, ваъда қилинганидек, 2023 йилгача битиб, аҳолига фойдаланишга топширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил август ойида Шавкат Мирзиёев видеоселекторда Фарғона, Хоразм ҳамда Қашқадарёдаги “снос”лар билан боғлиқ зўравонликларга муносабатини билдирган эди. Ўшанда президент уйларни бузишдан олдин, одамларни рози қилиш ҳақида гапирганди.

Яқиндагина қабул қилинган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ҳам ҳеч кимнинг турар жойи осонликча бузиб ташланмаслигини англатади.

Мавзуга оид