Наманган шаҳри Ҳамроҳ кўчасидаги бир нечта уйлар 2018 йилда бузилган ва ўрнига кўп қаватли уй қуриляпти. Лекин бу ердаги хонадонлардан бири билан ҳалигача келишувга эришилмаган.
Натижада хонадонга жиддий зарар етган: уй деворига тақаб, пойдевор чуқури қазилган, оқибатда деворлар ва шифтлар ёрилиб, уй яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолган.




“Қайнимникида тўй эди. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Келсак, деворларимизни бузиб ташлабди. Эшиклар катта очиқ. Ўша пайтда вилоят ҳокими шаҳар ҳокими эди. Шавкатжон Абдураззоқовга мурожаат қилдим. У киши менга уйни баҳолатишимни айтди. 316 миллионга баҳоланди. Бироқ қурувчи томонидан ўша пайтда бу пуллар тўлаб берилмади”, – дейди мулкдор Сарвар Юсупова.
У қурувчи томонидан босим бўлаётганини айтди: хонадон газ ва бошқа коммуникация тармоқларидан узиб қўйилган. Мулкдорнинг сўзларига кўра, 4 йил давомида фақат бир марта расман 400 миллион сўм миқдорида пул таклиф қилинган.

“Яқинда суд бўлди. Судда қурувчининг вакили ўз оғзи билан 165 минг АҚШ долларига барака қилайлик деб айтди. Хўжайиним айтдики, сен қачонки пулни олдимга қўясан, шунда барака қиламан, сизларга ишонмайман, деди. Кейинги судда эса қурувчининг вакили мен унақа пулни беролмайман деди”, – дея қўшимча қилди мурожаатчи.
Қурилишни амалга ошираётган “White house building” МЧЖ раҳбари ва ягона таъсисчиси Абдулазиз Собитов мурожаатчининг сўзларини рад этди. У бир неча марта хонадонлар таклиф қилгани, уйга етказилган зарарга ҳам унинг алоқаси йўқлигини даъво қилди.





















