“Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасалари иқтисодий таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклида ўқитиш харажатларини молиялаштириш давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида кадрлар тайёрлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Ўқишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тавсияномасига эга бўлган ҳоким ёрдамчилари (тавсияномага эга бўлган абитуриентлар) ҳисобидан, кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иқтисодиёт соҳаси бўйича бакалавриат таълим йўналишлари сиртқи таълим шаклига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилади.

Тавсияномалар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан, ушбу лавозим вакант бўлганда ва/ёки унинг вазифаларини бажариш бошқа шахсга юклатилганда эса – ушбу раҳбар томонидан берилади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бериладиган тавсияномалар сони ҳудудлар кесимида Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси қарори билан белгиланади.

Тавсияномага эга бўлган абитуриентларга иқтисодиёт соҳаси бўйича бакалавриат таълим йўналишлари сиртқи таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра давлат гранти асосида ўқишга кириши учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бериладиган тавсияномалар фақат берилган ўқув йили учун амал қилади.

Тавсияномага эга бўлган абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази махсус электрон тизими орқали амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтиш муддати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази томонидан келишилган ҳолда белгиланади.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси томонидан тавсияномага эга бўлган абитуриентлар билан суҳбат ўтказиш бўйича алоҳида суҳбат комиссияси ташкил этилади.

Суҳбат комиссияси 7 нафардан кам бўлмаган таркибда тузилади ва таркибига соҳа бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари киритилади. Суҳбат комиссияси таркибига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари ҳам киритилиши мумкин.