Маълум бўлишича, Кўтарма маҳалласи 1-, 3- ва 9-уйлар орасидаги 15 сотих ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 9 декабрдаги 1147-сонли қарори асосида фуқаро Мирҳамид Мирходжаевга компенсация тариқасида доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида кўп қаватли турар жой қуриш учун ажратилган.

1-, 3- ва 9-уйларда яшовчи фуқаролар ушбу ҳудудда болалар ва спорт майдончаси, қариялар дам олиши учун шийпон, автотураргоҳ қуриш шарти билан қурилиш олиб борилишига розилик билдиришган. Шу билан бирга, бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғинининг баённомаси ҳам расмийлаштирилган.
Маҳаллий аҳоли вакиллари “Max Building Project” МЧЖ бу ерда бино қурмоқчи эканидан умуман хабари йўқлиги, розилик имзоси ҳақиқий эмаслигини айтишмоқда.

“Тўртта “дом” олдида битта ҳам болалар майдончаси йўқ. Натижада болаларимиз қаерга чиқиб ўйнашни билмайди. Маҳалладан ҳамма жойда болалар майдончаси бор, нега бизда ҳали ҳам бундай майдонча қурилмагани ҳақида сўраганимизда масъуллар тез орада бўлади деб жавоб беришганди.
Орадан қанчадир вақт ўтгач, шаҳар ҳокимининг қарорини кўрсатишди. Собиқ маҳалла раиси болалар майдончаси, шийпон қурилиши учун аҳолидан имзо йиғишни бошлади. Аммо атрофдаги домларда яшовчилардан ҳеч кимнинг бу ерда кўп қаватли иморат қурилишидан хабари бўлмаган.
Имзолар эса қалбакилаштирилган. Бугун тадбиркорнинг қўлида турган баённомада кўплаб маҳалладошларимиз исм-фамилияси ёзилган жойда бошқа имзо тургани кўриб бу уларнинг имзоси эмаслигини айтишди. Бир неча кун олдин қурувчилар дабдурустдан келиб экскаваторларини ишлатиб кетишмоқда. Агар “участкавой”лар келиб, уларни тўхтатишмаганда “котлован”лар қўйиб қуришни бошлаб юборишарди”, дейди 39 уйда яшовчи Дилдора Ҳамроева.

“Шу йил феврал ойида “Яшил макон” дастури доирасида дарахт кўчатларини экдик. Тадбиркорнинг жойи бўлганда нега дарахт экманглар, бу майдонда бино қурилади, кейин менга таъна қилманглар деб огоҳлантирмади? Бир юз элликта манзарали кўчат экканмиз.


















