Жаҳон | 08:19 / 11.11.2022
8831
2 дақиқада ўқилади

Amnesty International украиналикларнинг Россияга депортациясини қоралади

Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан тинч аҳолини Россияга мажбуран олиб чиқиш - ҳарбий жиноят, дейди ҳуқуқ фаоллари.

Фото: Picture Alliance

Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан тинч аҳолини Россияга мажбуран олиб чиқиш - ҳарбий жиноят, эҳтимол, инсониятга қарши жиноятдир. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 10 ноябрь, пайшанба куни чоп этилган ҳисоботида айтилади.

Уни тайёрлаш жараёнида ҳуқуқ ҳимоячилари Украинадаги 88 нафар тинч аҳоли вакиллари билан суҳбат ўтказдилар, улардан 48 нафари Россия босқинидан олдин Мариуполда яшаган. Суҳбатдошларнинг айтишича, шаҳар босиб олингандан сўнг рус қўшинлари тинч аҳолининг Киев назорати остидаги ҳудудларга чиқиб кетишига фаол тўсқинлик қилган.

Айрим суҳбатдошлар россиялик ҳарбийлар уларни «ДХР» деб аталувчи ҳудудга йўл олган «эвакуация» автобусларига мажбуран жўнатганини айтишган. Натижада кўплаб Мариупол аҳолиси Россия ҳудудига тушиб қолишди. Оккупантлар шахсий автомашинада шаҳарни тарк этишга уринган фуқароларни Украина назоратидаги ҳудудлар йўналиши бўйича чегарани кесиб ўтиш хавфи ҳақида огоҳлантирган. Кўпгина респондентлар «эвакуация»ни мажбурий деб аташган. Бир қатор ҳолларда, болаларни мажбуран олиб кетиш пайтида, улар ўз ота-оналаридан ажратилган, бу халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига зиддир, дейилади AI ҳисоботида.

Ҳуқуқ фаоллари суҳбатлашган яна 40 киши Донецк, Луҳанск, Херсон, Харкив ва Запорижжя вилоятлари аҳолисидир. Amnesty International ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган украиналиклар фильтрация қилинганини билдирди. Тинч аҳолининг фикрига кўра, бу жараён кўпинча ёмон муомала ва ҳатто қийноқлар билан бирга бўлган.

Amnesty International ташкилоти украиналикларни депортация қилиш ҳолатлари бўйича халқаро суриштирув ўтказишга чақирди, шунингдек, Россиядан Украинадан тинч аҳолини мажбурий кўчириш ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни тўхтатишни талаб қилди. Бунинг учун айбдорлар жазоланиши керак, деди Аl Германия бўлими вакили Янине Ульманзик.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид