Ўзбекистон | 09:14 / 12.11.2022
4705
2 дақиқада ўқилади

Саудияда «Имом Бухорий юрти авлодлари» халқаро конференцияси ташкил этилади

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра вазирининг халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари Ҳасан Алламнахра билан учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Суҳбатдош Макка ёки Жидда шаҳрида “Имом Бухорий юрти авлодлари” мавзусидаги халқаро конференция ва кўргазмани ташкил этиш атрофлича ўрганиб чиқилаётгани ва бунда Саудия вазирлик ва идоралари ҳамда Бутунжаҳон мусулмонлар уюшмаси фаол иштирок этаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда сайёҳлик индустрияси ривожланиб бораётгани таъкидланар экан, Саудия Арабистонидан ҳам Тошкентга келаётган сайёҳлар сонини оширишга эътибор қаратиш муҳимлиги қайд этилди.

Суҳбат чоғида Ҳасан Алламнахра “агар саудияликлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада яқиндан билганларида улар Европа давлатларига эмас, балки Имом Бухорий ватанини зиёрат қилар эдилар”, деди.

Мулоқот чоғида мамлакат сайёҳлик салоҳиятини Саудияда кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон туркомпаниялари томонидан оилавий туристик пакетлар ишлаб чиқилишидаги афзалликлар, Жидда шаҳрида Ҳаж ва умра масалаларига бағишланган халқаро конференция ташкил этилиши ҳамда унинг ишида мамлакат вакиллари иштироки билан боғлиқ ва кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид