Жаҳон | 08:09 / 14.11.2022
8695
3 дақиқада ўқилади

Латвия президенти Россия бўйича махсус трибунал ташкил этишга чақирди

Германия Бундестагида сўзлаган Эгилс Левитс халқаро ҳуқуқдаги бўшлиқ ва Россиянинг Украинага бўлган тажовузини халқаро тергов қилиш зарурлигига ишора қилди.

Фото: Picture Alliance

Латвия президенти Эгилс Левитс Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини текшириш учун махсус трибунал яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади. У 13 ноябрь, якшанба куни Германия Бундестагида Миллий қайғу куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиқиб, жаҳон ҳамжамиятини Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузини текшириш ва ҳуқуқий баҳо беришга чақирди.

Левитс Россиянинг Украинага бостириб киришини тергов қилиш ҳали ҳеч бир халқаро суд ваколатига кирмаслигини «халқаро ҳуқуқдаги бўшлиқ» деб атади. Сиёсатчининг фикрича, ҳуқуқий нуқтайи назардан махсус трибунал тузиш мумкин, бунга фақат сиёсий ирода керак.

У Ғарб давлатлари томонидан музлатиб қўйилган Россия активларини Украинани тиклашга йўналтириш учун қонуний имкониятлар яратишни таклиф қилди. Бу оддий адолатнинг яққол кўриниши бўлар эди, дея таъкидлади Латвия президенти. Европа ўз мудофаасига тўғри сармоя киритиб, демократия ва Европа қадриятлари учун курашаётганлар билан бирдамлик кўрсатиши керак, деди у немис тилида сўзлаган нутқида.

«Халқаро ҳуқуққа асосланган дунё тартиби бўлмаса, дунё яна жанговар анархияга тушиб қолади», дея қўшимча қилди Левитс Россиянинг Украинага қарши уруши ва Иккинчи жаҳон уруши давридаги Германия миллий социализми ўртасидаги ўхшашликларни келтириб. Латвия президенти немис жамиятининг демократик қадриятлар мустаҳкам пойдевори барпо этилган «ўтмишини шафқатсиз фикрлашини»ини ижобий баҳолади. Ўз навбатида, рус жамияти, унинг сўзларига кўра, буни қилмади.

«Ўтмишни баҳолашдек қийин ишни бажара олмаслик рус империализмининг қўпол мафкурасини қайта тиклашга йўл очди», деди Левитс. У бу мафкурага қарши мувозанат сифатида демократияни ички ва ташқи томондан мустаҳкамлашга чақирди. Тарих шуни кўрсатадики, демократиянинг заифлиги уруш ва зўравонликка олиб келиши мумкин, дея қўшимча қилди у.

Германияда Миллий қайғу кунида урушлар ва ҳокимиятнинг ўзбошимчаликлари қурбонлари хотираси ёдга олинади. У 1952 йилдан бери биринчи адвентдан икки ҳафта олдин, ноябрь ойида нишонланади. Ҳар йили бу кунда Бундестагда расмий хотирлаш маросими ўтказилади. Бу йил асосий эътибор Россиянинг Украинага қарши урушига қаратилди, Эгилс Левитс таклиф этилган маърузачи сифатида қатнашди.

Мавзуга оид