1. Килиан Мбаппе (Франция) – €160 млн
Россияда ўтказилган аввалги жаҳон чемпионатида ҳам Мбаппенинг баҳоси «юзлик»дан ошган ва 120 миллионни забт этганди. Ўша пайтда Килиан ҳали эндигина 19 ёшни қарши олганди. Орадан тўрт йил ўтиб қаҳрамонимиз анча улғайди, унинг маҳоратига ҳам тан бермай иложимиз йўқ. Француз «олмоси» орадан вақт ўтгани сайин янада сайқалланиб бормоқда. Мбаппе аллақачон жаҳон чемпиони титулига эга, аммо ўша юлдузли таркибдан аксарияти жароҳат олганлиги ва баъзилари умуман таркибга киритилмаганлигини инобатга олсак, Мбаппе бошчилигидаги францияликларнинг титулни ҳимоя қилишлари анча мушкул бўлади.

2. Винисиус Жуниор (Бразилия) – €120 млн
ЖЧ-2022 энг қимматбаҳо ўйинчилари рўйхатида бразилиялик футболчининг бўлмаслиги адолатдан бўлмасди. Бу сафар Пеле юртдошларидан ушбу рўйхатга Винисиус Жуниорнинг номи киритилди. «Реал» ҳужумчиси фаолиятининг энг юлдузли лаҳзаларини ўтказмоқда. Бугунги кунда ҳам у юксак спорт формасига кирган. «Реал» сафида жорий йилда Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган ва финалда ҳал қилувчи гол муаллифи бўлган Винисиусдан бразилиялик мухлислар Қатарда ҳам айнан шундай ёрқин ўйинлар намойиш этишини кутишмоқда. Фикримизча, Жуниор ҳам уларни уялтириб қўймаса керак.

3. Фил Фоден (Англия) – €110 млн
Рўйхатимиздаги дастлабки инглиз футболчиси – Фил Фоден. «Манчестер Сити» аъзоси замонамизнинг энг ёрқин истеъдод эгаларидан бири саналади. Фоденсиз бугунги кунда «шаҳарликлар»ни ҳам, Англия миллий жамоасини ҳам тасаввур этиб бўлмайди. Унинг баҳоси эса ойдан ойга ошиб бормоқда. Пеп Гвардиола уни баъзида Лионель Мессига ҳам қиёслайди ва ўз футболчисини бошқа жамоага ва ҳар қандай юқори суммага сотиб юбормоқчи эмас. Фоденнинг Қатар яшил майдонларидаги ўйинини кузатиш барча учун қизиқарли ва ёқимли бўлиши шубҳасиз.

4. Педри (Испания) – €100 млн
«Барселона» яримҳимоячиси рўйхатдан жой эгаллади. 19 ёшли Педрининг номи аллақачон бутун Европага танилиб улгурган. У нафақат каталонияликлар, балки Испания миллий жамоасининг ҳам етакчиларидан бири бўлишга улгурди. Педрининг қиймати эса йилдан йилга ошиб бормоқда. Айнан унинг ёрдами билан Испания Қатардаги мусобақа бош соврини учун курашга киришмоқчи.

























