Нишон туманидаги фермерлар Мажбурий ижро бюроси томонидан ўзларига босим бўлаётгани ҳақида хабар беришди. Фермерларнинг айтишича, ҳеч қандай расмийлаштирувсиз уларнинг қариндошлари номида бўлган техникалар ҳам олиб кетиб қолинган.
Kun.uz журналисти фермерлар билан суҳбатлашиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.


“Бобур Абдусатторов” фермер хўжалиги раиси Араб Норқуловга кўра, 2022 йилнинг 19 октябр куни унинг уйига МИБ ходимлари борган. Уйидаги қорамолни олиб кетишмоқчи бўлишганда, рафиқасининг соғлиғи ёмонлашган.
“Рафиқам бир ҳафтача шифохонада даволаниб чиқди. Мен агар қарздор бўлсам, нега огоҳлантиришмайди? Ҳатто ўша пайтда қанча қарзим борлигиниям билмаганман. Аввалги йилларда умуман бунақа тартиб қўлланмаган. Лекин солиқдан қарз бўлиб қолмадик-ку, ҳаммасини тўладик”, – дейди Араб Норқулов.

Яна бир суҳбатдошимиз – Ўткир Ражабов. Мажбурий ижрочилар у билан ҳам 19 октябр куни учрашишган; акасига тегишли бўлган автомобилни хатлов қилмасдан, расмийлаштирмасдан миниб кетишган.
Фермернинг айтишича, у ғалла ва пахта ҳосилидан шартнома қилинган кластерга ортиғи билан маҳсулот топширган. 200 миллион сўмдан ортиқ маблағи кластерда. Лекин солиқ қарздорлиги сабаб, ҳисобрақамига банд солинган.
“Менда бошқа даромад бўлмаса, топширган ҳосилим учун кластер қачон пулни ташлаб берса, шунда биринчи навбатда солиқ учун ушлаб қолинади. Нега фермернинг ҳолатини кўриб, билиб турган давлат идоралари бунақа йўл тутаётганига ҳайронман”, – дейди “Раҳмонов Ўктам” фермер хўжалиги раҳбари Ўткир Ражабов.

“Самандар Нур” фермер хўжалигига қарашли қарийб бир миллиард сўмлик техника ҳам олиб кетиб қолинган. Хўжалик раиси Ашур Болтаев шундоқ ҳам тақиқда турган, лизингга олинган техникани ижрочилар қандай қилиб олиб кетишгани-ю, ҳеч қандай расмийлаштирув бўлмаганини тушунмай ҳалак бўлмоқда.


















