Жаҳон | 08:07 / 17.11.2022
9458
3 дақиқада ўқилади

Республикачилар АҚШ Вакиллар палатаси устидан назоратни қўлга киритди

АҚШ оммавий ахборот воситалари прогнозларига кўра, Республикачилар партияси Конгресс қуйи палатасида кўпчиликка эга бўлиш учун зарур бўлган 218 ўринни қўлга киритмоқда.

Фото: Reuters

Америка оммавий ахборот воситаларининг 16 ноябрь, чоршанба куни чоп этилган прогнозларига кўра, АҚШ Республикачилар партияси зарур бўлган минимал кўпчилик овозни қўлга киритиш орқали Конгресс Вакиллар палатаси устидан назоратни таъминлади.

CNN маълумотларига кўра, оралиқ сайловларда республикачилар Вакиллар палатасини назорат қилиш учун зарур бўлган 435 ўриндан 218 тасини қўлга киритган.Шу пайтгача Конгресс қуйи палатасини назорат қилиб келган Демократик партия 208 ўринга эга. Яна тўққизта ўрин аниқлаштирилмаган.

Шу билан бирга, NBC телекомпаниясининг маълумотларига кўра, республикачилар Вакиллар палатасида 221 ўринга, демократлар эса 214 ўринга эга.

Республикачилар партиясининг Вакиллар палатасидаги ғалабаси демократ Ненси Пелосининг Вакиллар палатаси спикери сифатидаги иккинчи муддатини тугатади. Янги спикер Республикачилар палатаси етакчиси Кевин Маккарти бўлиши кутилмоқда.

Маккарти Вакиллар палатасида республикачиларнинг кўпчиликни ташкил этиши ҳақидаги хабарни олқишлади. «Америкаликлар янги йўналишга, Вакиллар палатасидаги республикачилар эса буни таъминлашга тайёр», деб ёзди у Twitter'да.

АҚШ президенти Жо Байден Кевин Маккарти партиясини Вакиллар палатасида кўпчиликни қўлга киритгани билан табриклаб, «оддий америкаликлар манфаати учун натижаларга эришишда Вакиллар палатасидаги республикачилар билан ҳамкорлик қилишга тайёр»лигини айтди.

«Америкаликлар биздан улар учун ҳаракат қилишимизни хоҳлайдилар. Улар биздан ўзлари учун муҳим бўлган масалаларга ва ҳаётини яхшилашга эътибор қаратишимизни хоҳлашади. Мен эса улар учун натижаларга эришишда мен билан ишлашни истаган ҳар бир киши билан ишлайман, у республикачи ёки демократ бўлсин», - дейилади Оқ уй баёнотида.

Демократ Байденнинг партиядошлари аввалроқ Конгресснинг 100 ўринли юқори палатасида 50 ўринни қўлга киритиб, Сенатдаги кўпчиликни сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Демократ, вице-президент Камала Харрис ҳал қилувчи овоз бериш имконига эга.

АҚШда оралиқ сайловлар 8 ноябрь куни бўлиб ўтди. Унда Вакиллар палатасининг бутун таркибини (435 ўрин) ва Сенатнинг учдан бир қисмини (юздан 35 ўрин) қайта сайланди. Бундан ташқари, 36 штатда янги губернаторлар сайланган.

Жоржия штатида иккинчи раунд бўлиб ўтади, у 6 декабрга белгиланган. Бу ҳақда штат давлат котиби Бред Раффенспергер маълум қилди.

Мавзуга оид