АҚШда биостартап асосчиси 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Айблов томони Элизабет Холмсга 15 йиллик қамоқ жазосини сўраган. Тадбиркор ҳукм устидан шикоят қилмоқчи эканлигини айтди.
Theranos биотехнология компанияси асосчиси Элизабет Холмс АҚШда 11 йил-у 3 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Сан-Хосе (Калифорния штати) судининг қарорига кўра, ҳомиладорлиги муносабати билан тадбиркор жазони 2023 йил 27 апрелдан кечиктирмай ўташни бошлаши керак. Ҳукм 18 ноябрь, жума куни эълон қилинди.
Январь ойида Холмс ҳакамлар ҳайъати томонидан иккита фирибгарлик ва икки ҳолатда инвесторларни алдаш ва чалғитиш учун фитна уюштиришда айбдор деб топилди. Шу билан бирга, 38 ёшли аёл яна тўртта жиноий иш бўйича, хусусан, Theranos қон таҳлиллари учун пул тўлаган беморларни алдаш эҳтимоли бўйича оқланди.
Айблов томони Элизабет Холмс учун 15 йил қамоқ жазосини талаб қилган, ҳимоя томони эса 18 ойлик муддат ёки уй қамоғи ёки жамоат ишларига алмаштирилишини илгари сурган. Тадбиркор аёлга қўйилган айблов учун максимал жазо - 20 йил қамоқдир. Судья Эдвард Давила таъкидлаганидек, қарорга, жумладан, Холмснинг ўз айбини тан олмагани таъсир қилган. Аёл ҳукм устидан шикоят қилмоқчи эканлигини айтди.
Холмс 2003 йилда Theranos биотехнология компаниясига асос солган. Ўша пайтда у Стенфорд университетининг 19 ёшли талабаси эди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, компания томонидан ишлаб чиқилаётган Edison қурилмаси қон таҳлиллари ёрдамида гормонал аномаллик, вирусли инфекциялар ва саратон касалликларини аниқлаш имконини беради. 2014 йилда энг юқори чўққисида Theranos 9 миллиард долларга (7,9 миллиард евро) баҳоланган. 2015 йилда Time журнали Элизабет Холмсни дунёнинг 100 нафар энг нуфузли аёли қаторига киритди.
Ўша йили Элизабет Холмсни The Wall Street Journal журналисти Жон Каррейра фош қилди, илгари Theranos'нинг собиқ ходими унга мурожаат қилган. Бундан олдин, 12 йил давомида Холмс инвесторлар ва менежерларни Edison анализатори шунчалик самарали ва тежамкор эканлигига ишонтира олганки, у нафақат оғир вена қон топширишни, балки анъанавий усулда кўп вақт талаб қилувчи ва қиммат стандарт таҳлилларни ҳам йўқ қилиши айтилган. Theranos кузатув кенгаши таркибига АҚШнинг собиқ давлат котиблари Генри Киссинжер ва Жорж Шульц, шунингдек, АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Жеймс Меттис ва бошқалар кирган.
Элизабет Холмс билан бир қаторда тадбиркорнинг собиқ эри - Theranos собиқ бош директори Рамеш Балванига қарши айбловлар илгари сурилди. Унинг иши кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
08:02
АҚШ Гонсалесни Венесуэланинг сайланган президенти сифатида тан олди
22:07 / 19.11.2024
АҚШ Россия ядро сиёсатининг ўзгариши муносабати билан ўз ядро доктринасини ўзгартирмайди
20:58 / 19.11.2024