Маск Twitter'да Трампнинг «қайтиши» учун овоз бериш жараёнини эълон қилди
Фойдаланувчилар тадбиркорнинг микроблогида «ҳа» ёки «йўқ»ни танлаши мумкин. Аввалроқ Илон Маск Доналд Трампнинг аккаунтини блоклаш қарорини хато деб атаган эди.
Twitter'нинг янги эгаси Илон Маск 18 ноябрь, жума куни кечқурун АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг аккаунтини блокдан чиқариш масаласи бўйича овоз бериш жараёнини эълон қилди. Фойдаланувчилар америкалик тадбиркорнинг микроблогида «ҳа» ёки «йўқ» вариантини танлаши мумкин.
Маск сўровномага лотинча «Vox populi, vox Dei» мақолини қўшиб қўйган. Овоз бериш 24 соат давом этади. Дастлабки икки соат ичида тўрт миллионга яқин фойдаланувчи Трамп аккаунти блокдан чиқарилиши ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Куннинг бошида тадбиркор учта Twitter аккаунти блокдан чиқарилганини маълум қилди. Комедиячи ва актриса Кети Гриффин, психолог Жордан Петерсон ва Babylon Bee консерватив сатирик порталининг микроблоглари ижтимоий тармоқда яна мавжуд.
2021 йил январида Капитолийга бостириб киришдан кейин Twitter Доналд Трампнинг аккаунтини бутунлай блоклаб қўйганини эълон қилди. Компания бу қарорини «зўравонлик қўзғатиш хавфи» мавжудлиги билан изоҳлади. Бошқа ижтимоий тармоқлар ҳам худди шундай қарорлар қабул қилган. Кейинчалик Twitter АҚШ собиқ президентининг аккаунти блокланишини четлаб ўтиш учун яратилган саҳифаларни ҳам блоклади.
Twitter собиқ молиявий директори Нед Сегал ўшанда Трамп яна президентликка номзодини қўйган тақдирда ҳам ижтимоий тармоққа кира олмаслигини айтган эди. «Бизнинг сиёсатимиз шундай ишлайди: агар сиз платформадан ўчирилган бўлсангиз, унда сиз платформадан ўчириласиз», деб тушунтирди Сегал.
Илон Маск Twitter'ни сотиб олиш бўйича келишув чоғида Financial Times нашрига берган интервьюсида Трампнинг аккаунтини блоклашни хато деб билишини, чунки бу қарор АҚШ собиқ президентининг «ўз овозини йўқотишига» олиб келмаганини айтди. Унинг фикрича, доимий тақиқлар фақат ботларга, фирибгарларга ёки спам юборувчи фойдаланувчиларга қарши қўлланилиши керак.
15 ноябрь, сешанба куни Доналд Трамп 2024 йилги АҚШ президентлиги сайловларида иштирок этишини маълум қилди. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, у республикачи бошқа номзодлар билан солиштирганда яққол етакчилик қилмоқда. Консерваторлар орасида собиқ президент ўзининг партиядош рақибларидан кўра машҳурроқ ва кўплаб фанатик тарафдорларга эга.
Мавзуга оид
19:09 / 19.11.2024
Трамп Москва ва Теҳроннинг иттифоқини парчалай оладими?
13:12 / 19.11.2024
Трамп собиқ конгрессмен Даффини транспорт вазири лавозимига таклиф қилди
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
16:59 / 18.11.2024