Афтидан яшаш нархи арзон бўлмаган Қатарга кўплаб мухлис ва журналистлар ўйин куни етиб келишга қарор қилган. Уч йил аввал айнан жаҳон чемпионати учун қурилган Қатар метросида йўловчи кўпайганидан одамларни маълум муддат кўчада ушлаб туришга мажбур бўлишмоқда. Акс ҳолда бекатларда одам кўпайиб кетиб, тиқилинч юзага келиши мумкин. Оломонни эса ер остидан кўра ер устида жиловлаш осонроқ.


Корниш деб аталувчи соҳил бўйи ва ЖЧ ҳамкори бўлмиш Hublot соати ўрнатилган майдонда одам жуда кўп. Бу майдонлар олдидан метро яқинида айнан одамлар оқимини тўғри тақсимлаш бўйича махсус гуруҳ ишламоқда. Улар орасида европалик мутахассислар ҳам бор.



Қатарга жаҳон чемпионати вақтида киришга имкон берувчи Hayya Card (электрон виза) соҳибларига метродан фойдаланиш бепул. Яшил, қизил ва олтин деб номланган учта йўналишда ҳаракатланувчи поездлар шаҳарнинг барча марказий жойларига олиб боради. Табиийки, стадионларга метро билан осонгина етиб бориш мумкин. Метро бормайдиган ареналарга эса автобусда борса бўлади ва улар ҳам электрон визаси бор, медиа аккредитацияга эга меҳмонлар учун бепул.




















