Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ахборот хизматига кўра, 18 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фарғона вилоят прокуратурасида 15 ёшли ўсмирнинг ўлимида айбланаётган ва айни пайтда қамоққа олинган икки бола билан учрашган. Суҳбат давомида улар айбларини тан олишган. Шунингдек, ўзларига нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланмаганини билдиришган.

Расмий хабарда Болалар Омбудсмани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан мулоқотда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тавсияларини бергани айтилади. Бироқ Алия Юнусова айнан қандай тавсиялар берганига аниқлик киритилмаган.

“10 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фарғона вилояти Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ҳамкорлигида Қўқон шаҳридаги ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг фаолиятини ўрганган эди. Марказда мониторинг давомида аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилиши юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идораларга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклиф ва тавсиялари юборилган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, савдо марказидан 17 минг сўмлик маҳсулот олиб пулини тўламай чиқиб кетаётганда ушланиб, участкавойларга топширилган 15 яшар ўсмир Бувайда тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг 16 октябрдаги қарори билан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Вилоят прокуратурасига кўра, марказга жойлаштирилган куннинг эртасига, яъни 17 октябрда йигитнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Шундан сўнг тез ёрдам ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддаси лат ейиши» сабаб бўлгани айтилади.

Расмийлар марҳум марказдаги саккиз нафар бола билан содир бўлган муштлашув оқибатида ўлганини айтишмоқда. Бироқ боланинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Kun.uz суриштируви давомида йигитчанинг ўлими анча вақт унинг яқинларидан сир тутилгани маълум бўлганди