36 ёшли Шуҳратбек Абдуқаҳҳоров комбайнга оёқлари кириб кетиши оқибатида олган жароҳати туфайли 9 ноябр куни жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Дастлабки ёрдам кўрсатилгач, у жонлантириш бўлимида қолдирилган. Эртасига, 10 ноябр кеч соат 21 атрофида, оёғининг чиққан жойини солиш мақсадида берилган наркоз ва муолажадан кейин, бемор вафот этган.

Муолажа вақтида чироқ ўчиб қолган ва кислородни қўл орқали бошқариладиган мослама ёрдамида беришган. Марҳумнинг яқинлари ўлимга чироқ ўчиши сабаб бўлганини айтмоқда.

Қўрғонтепа тумани жонлантириш бўлими

Марҳумнинг отаси Рафиқжон Абдуқаҳҳоров фарзанди ўша куни наркоздан олдин аҳволи жуда яхши бўлганини айтди.

“Аҳволи жуда яхши эди. Оғриқ йўқми деган саволимга оғриқ йўқ деб жавоб берди. Оёқларимни тикишди деди.

Докторга кирдим, у ҳам: “Ҳолати яхши, хавотир олманг, бугун оёғини соламиз, эртага эса палатага олиб чиқамиз”, деди. Кечгача турдик. Ўғлим: “Кетаверинглар, яхшиман”, деди. Биз кетгач, оёғини жойига солиш учун биздан сўрамай яна наркоз беришган. Бола кўтара олмаган”, – дейди Рафиқжон Абдуқаҳҳоров.

Марҳумнинг отаси Рафиқжон Абдуқаҳҳоров.

Марҳумнинг укаси Икромжон ўлим рўй берган вақтда шифохонада бўлган.

“Мен акамнинг олдида қолгандим. Ўнг оёғининг қуймичи чиққан, деб травматологлар уни соламиз дейишди. Агар наркоз билан солмасак, оғриқ кучли бўлади, кўтара олмайди, дейишди.

Операциядан кейин, янги кислород баллонини олиб киришда ҳамшираларга ёрдам бердим (эскиси тугаган экан), янги баллонни улагандан кейин 5 дақиқалар ўтиб свет ўчиб қолди. Шу сабаб қўл билан аппарат ёрдамида сунъий ҳаво беришди. 10 дақиқалар давомида свет бўлмади. Свет келгач, қайтиб кирсам, акангиз бўлмай қолди, дейишди.

Яхши турган одамни мана 10-15 минутда ўлдиришди ҳисоби. Наркозгача акамнинг аҳволи жуда яхши эди”, – дейди марҳумнинг укаси Икромжон Абдуқаҳҳоров.

Шифокорлар бу эътирозларни рад этишди. Анестезиолог Ҳотамжон Назаровнинг айтишича, ўз вақтида ва тиббий кўрсатмаларга мувофиқ барча чоралар кўрилган. Шифохонада чироқ ўчгач, иккинчи линиядаги токдан фойдаланилган. Анестезиолог ўлим сабаби ё ёғ эмболияси, ё тромбоэмболия бўлиши мумкинлигини айтди.